Ссылки доступа

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани аҳоли учун вақтинча ёпди


Ўзбекистон 15 январдан бошлаб Қозоғистон билан чегараларини аҳоли ўтиши учун вақтинча ёпади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 13 январда билдиришича, бу “коронавируснинг омикрон штамми тез тарқалиб бораётгани билан боғлиқ”.

Мазкур чеклов авиақатновлар ва ватанига қайтаётган шахслар учун таалуқли бўлмайди. Шунингдек, чегарадан халқаро юк ташувларни амалга ошираётган ҳайдовчилар, дипломатлар ва уларнинг оилалари, Қозоғистонда доимий яшаётган ўзбекистонликлар ва Ўзбекистонда доимий яшаётган қозоғистонликлар, талабалар, даволанишга, оғир касал яқин қариндошларини кўришга, яқин қариндошларининг дафн маросимига бораётган шахслар ўтиши мумкин.

Қирғизистон билан чегарада эса бундай чеклов жорий этилмайди. Фақат Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтаётганлардан коронавирусга чалинмагани тўғрисида камида 48 соат олдин топширилган ПЦР тест натижаси талаб қилинади.

Бошқа хориж давлатларидан Ўзбекистонга кираётганлар эса камида 48 соат олдин топширилган ПЦР тест талаб қилинади ва улар қўшимча тарзда кириш пайтида экспресс-антиген тест топширишлари шарт бўлади.

XS
SM
MD
LG