Ссылки доступа

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Бош прокуратурага сўроққа чақирилди


Адахан Мадумаров

Депутат, «Бутун Қирғизистон» партияси етакчиси Адахан Мадумаров Бош прокуратурада сўроқ қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликка назорат органи хабар берди.

Бироқ Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси сиёсатчини сўроққа чақириш тафсилотларини ошкор этмаяпти.

Озодлик мухбирининг хабар беришича, соат 10:00да Мадумаров Бош прокуратура ҳузуридаги Тергов департаменти биносига кирган.

Аввалроқ маҳаллий ОАВ, дастлабки маълумотларга кўра, Мадумаров қирғиз-тожик чегараси масаласи бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинаётгани ҳақида хабар берган эди. Ҳозирча бу маълумотни расмий манбалардан тасдиқлаш ёки рад этишнинг имкони бўлмади.

Президент Садир Жапаров 23 октябрь куни бўлиб ўтган якуний матбуот анжуманида Тожикистон билан чегарадаги муаммолар контекстида Адахан Мадумаров номини тилга олган эди.

Президентга кўра, Тожикистон билан чегара масалаларини ҳал қилишда Хавфсизлик Кенгашининг ўша пайтдаги котиби Адахан Мадумаров томонидан имзоланган Торт-Кочо участкаси бўйича протокол катта муаммо туғдирган. Мадумаров, ўз навбатида, сайлов олдидан сайловчилар билан учрашувларда давлат раҳбарининг баёнотини рад этиб, у имзолаган баённома юридик кучга эга эмаслигини эслатди.

XS
SM
MD
LG