Ссылки доступа

Тожикистонда омикрон туфайли чегара назорати кучайтирилгани ҳақида хабар берилди


Тожикистон ҳукумати қўшни мамлакатларда янги омикрон штамми пайдо бўлиши муносабати билан аэропортлар ва чегара постларида эпидемиологик назоратни кучайтирди.

Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавируснинг янги штаммлари пайдо бўлиши эҳтимолини истисно этмайди, бироқ ҳозирча омикрон инфекцияси қайд этилмаганини таъкидламоқда. Айни пайтда, мамлакатнинг айрим аҳолиси юқори иситма, томоқ оғриғи ва бўғимлардаги оғриқлардан шикоят қилиб улгурган.

Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиологик хавфсизлик, фавқулодда вазиятлар ва тез тиббий ёрдам бошқармаси бошлиғи Наврўз Жафаров коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича республика штабининг қарори билан аэропортлар ва чегара постларида эпидемиологик назорат кучайтирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатга келаётган барча йўловчилар коронавирус учун ПЗР тести салбий бўлган сертификат тақдим этишлари керак.

«Тожикистон омикроннинг мамлакатга кириб келишидан суғурталанмаган. Айни пайтда Европага (Туркия ва Дубай орқали) рейслар мавжуд бўлиб, у давлатларда эса омикрон авж олди. Маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар коронавируснинг янги штамми билан касалланиш ҳолатлари аниқланган Россия ва Ўзбекистондан Тожикистонга парвоз қилмоқда», — дейди Наврўз Жафаров.

Омикрон коронавирус штамми бошқа вариантларга қараганда тезроқ тарқалади ва эмланган, ҳатто тузалиб кетган одамларга ҳам юқтиради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистонда коронавирус инфекциясининг сўнгги тўртта ҳолати 2021 йил 20 ноябрда қайд этилган.

Тожикистонда хусусий лабораториялар коронавирус инфекцияси аниқлангани ҳақида мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар бермоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йил апрель ойида биринчи инфекция факти қайд этилганидан то шу кунгача мамлакатда 17095 нафар коронавирус инфекцияси қайд этилган. 124 киши вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган статистик маълумотлар доимо шубҳада бўлиб келган ва баъзи экспертларнинг фикрича, вирус билан касалланган ва вафот этганларнинг ҳақиқий сони расмий рақамлардан ошади.

XS
SM
MD
LG