Ссылки доступа

Туркманистонда алимент тўламайдиганлар қон топширишга мажбурланмоқда


Лебап вилояти ҳокимияти алимент қарзи бор фуқароларни ҳар ой 600 граммгача қон топширишга мажбурламоқда. Ҳокимият томонидан фуқароларнинг айрим тоифалари зиммасига юкланган янги мажбуриятлар ҳақида Озодлик радиосининг туркман хизмати хабар берди.

«Лебап вилоятидаги шаҳар ва этрап судлари алиментдан қарздор бўлган фуқароларга ҳар ой қарз миқдорига қараб 300 дан 600 граммгача қон топшириш тўғрисида қарор қабул қилди. Улар фуқароларни шу йўл билан қарзларини тўлашга мажбур қилиш ниятида. Бу вилоят судининг буйруғи билан амалга оширилмоқда», — деди Лебап суди ходими 13 январь куни мухбиримиз билан аноним суҳбатда.

Вилоятда алимент тўлаш бўйича қарздорлар сони бир неча мингни ташкил этади ва уларнинг аксарияти ишсизлардир.

Суд ходимининг сўзларига кўра, 2021 йилда Лебап вилоятида алимент тўлаш бўйича қарздорлик судларга берилган аризаларнинг атиги 10 фоизи аризачилар фойдасига ҳал бўлганлиги сабабли вилоят ҳокимияти юқоридаги чораларни кўрмоқда.

«Алимент сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 90 фоизи ҳеч қачон пулларини ололмаган», — дейди суд ходими.

Унинг қўшимча қилишича, охирги пайтларда вилоят шифохоналарида онкологик ва бошқа донор қонига муҳтож беморлар сони кўпайган.

«Бу ҳокимиятни алимент бўйича қарздорларни қон топширишга мажбурлаш тўғрисида қарор қабул қилишга олиб келди», деди суд ходими.

Ўтган йилнинг август ойида алимент қарздорлари мажбурий равишда пахта теримига жўнатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Озодлик мухбирлари ва кузатувчилари Туркманистондаги иқтисодий ва ижтимоий аҳволнинг ёмонлашуви шароитида оиласини боқиш ва алимент тўлашга қодир бўлмаган эркаклар сони сезиларли даражада ошганини таъкидламоқда.

Туркманистон расмийлари мамлакатда ажралишлар ва алимент тўловчи қарздорлар сони бўйича статистик маълумотларни эълон қилмайди.

XS
SM
MD
LG