Ўзбекистон солиқ тизимида янги йилдан бошлаб жорий этилган ўзгаришлар мамлакат солиқ тушумларининг катта қисмини ташкил этувчи кичик ва ўрта бизнес фаолиятига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирлар билдирилмоқда.
Бундан буён мамлакатда юридик ва жисмоний шахслар солиқ ҳисоботларини Е-activ ва Е-ijara тизими оқрали тақдим этишлари керак бўлади.
ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар 2022 йил 1 январдан "E-aktiv" тизимидан фойдаланиши мажбурий ҳисобланади.
Ижара шартномаларини эса, жисмоний ва юридик шахслар E-ijara электрон хизмати орқали тақдим этишлари шарт.
Кўчмас мулк ижара шартномаларини мажбурий равишда солиқ органларида электрон шаклда ҳисобга қўйиш амалиёти ҳам 2022 йил 1 январдан йўлга қўйилмоқда.
Ўзбек расмийлари Е-activ, Е-ijara ва бошқа дастурий комплексларни жорий этиш билан боғлиқ ўзгаришлардан мақсад - бизнесни соядан олиб чиқиш ва "соя иқтисоди"да даромад топаётганларни қонуний ишлаш йўлига ўтказиш эканини айтишган.
Аммо тадбиркорлик субъекти вакиллари ва ҳисобчилар e-ijara ҳамда e-aktiv платформаларида рўйхатга олиш муаммолари, мол-мулк солиғининг ҳаддан ташқари кўп чиқаётганидан шикоят қилмоқда.
Facebook тармоғидаги Потребитель. уз гуруҳида иқтисодчи Лилия Николенко шундай ёзади:
“Агар сиз Ўзбекистонда қонуний ишлаётган бўлсангиз, шак-шубҳасиз, хароб бўлдингиз. 2022 йилда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларнинг аянчли оқибати шу бўлади.
Бир неча кундан буён кўз ўнгимизда кичик ва ўрта бизнес барбод бўлмоқда. Қасдданми ёки ўйламасданми, билмайман.
Агар солиқ тўлаш бўйича бу "фарс" энди тўхтатилмаса, биз жуда катта муаммоларга дуч келамиз. Мен бу даҳшатли тушнинг кўламини тасаввур ҳам қилолмаяпман.
Маъқул йўли, Ўзбекистон бизнеси бўғиб ўлдирилмасидан туриб петиция ёзиш. Бошқа йўли – ноқонуний ишлаш.
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ўтган йил 18 ноябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Е-activ, Е-ijara ва бошқа дастурий комплексларни яратишдан мақсад - бизнесни соядан олиб чиқиш ва солиқ тўловчиларга рақобат учун тенг шароитлар яратиш эканини айтган эди.
“Сув харид қилиб - шина сотувчи” фирмаларни “тутиш” ва яширин иқтисодий фаолиятни фош этиш учун солиқчилар товар ва молиявий оқимларнинг шаффофлиги учун шароитлар яратмоқда. Бу ҳам солиқ тўловчилар, ҳам идора учун осон бўлмайди. Бироқ бусиз солиқлар ставкаларини пасайтириб бўлмайди”, - деган эди Кудбиев.
Ўзбекистондаги солиқ қонунчилиги ҳақида маълумот берувчи “Бухгалтер. уз” сайтига кўра, Е-ijara тизими солиқ органларига ижара шартномалари фирибгарликларининг олдини олиш имконини ҳам беради.
“Cолиқ тўловчиларни фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС бўйича солиқ базасини камайтириш юзасидан текшириш имконияти яратилади. Улар ижарага олинган майдон ҳажми камайтириб кўрсатилган ва фойда юзасидан фирибгарликларга йўл қўйилган ҳолатларни аниқлашлари, шунингдек корхона омборидаги ҳақиқатдаги камомадни “захиралар ижарага олинган омборда сақланмоқда” деб изоҳ бериладиган ҳолатларнинг олдини олишлари мумкин бўлади”.