Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакилининг ўринбосари Маъруфхон Туллаевнинг Озодлик нашрига айтишича, маҳаллий ҳокимият ва тегишли идораларда бу фуқаро бошқа давлат ҳудудида қамоққа олингани ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақда марҳумнинг ўғли отасининг жасадини ватанига етказишда ёрдам сўраганида маълум бўлган:
− Қариндошлари уни Тожикистон томони ҳибсга олгани ҳақида маълумот беришмади. Уларга кўра, марҳум 2021 йилнинг 29 апрелида ҳибсга олинган. Ҳозирда биз ушбу маълумотни янгиламоқдамиз. Илгари у оиласи билан Тожикистоннинг Конибодом тумани Маданият қишлоғида яшаган. Чегара яқинидаги аниқланмаган ҳудудларда қўшни республика фуқаролари бизнинг ҳудудда истиқомат қиладиган жойлар мавжуд. Суд қачон бўлиб ўтганини аниқ билмаймиз. Ҳозир тегишли идоралар ҳаммасига ойдинлик киритмоқда. Ўғли Лейлек тумани ҳокими билан боғланиб, отасининг жасадини ватанига етказишда ёрдам сўради. Тожикистон ҳудудида яшагани учун биз билан боғланмади. Марҳумнинг миллати тожик, Қирғизистон Республикаси фуқароси бўлган.
Бундан аввал Қирғизистон Республикасининг Тожикистондаги элчихонаси Қирғизистон фуқаросининг ўлими бўйича ушбу давлат Ташқи ишлар вазирлигига «холис тергов ўтказишга ёрдам бериш» сўраб нота юборгани маълум бўлди. 1953 йилда туғилган Худойберди Бекмуратов 6-сонли ахлоқ тузатиш колониясида эканлиги маълум қилинди. Тожикистон томони ҳозирча бу борада расмий изоҳ бермаган.
Қирғизистон Республикаси Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Абдикарим Алимбаевнинг айтишича, бугунги кунда қўшни давлатдаги ҳибсхоналарда 10 га яқин қирғизистонлик сақланмоқда.