Ссылки доступа

Порошенко унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган Украинага учиб келди


Бортида собиқ президент, ҳозирда мухолифатчи сиёсатчи бўлган самолёт режа бўйича Киевнинг Жулиани аэропортига қўнди. Порошенко Варшавадан учиб келган.

Чегара назоратида Порошенконинг паспорти бир неча дақиқага олиб қўйилган, аммо норозиликлардан сўнг уни қайтариб беришган ва эскорт гуруҳи билан чегарадан ўтказишган. Порошенконинг сўзларига кўра, расмийлар уни Украинага киритмаслик учун баҳона ўйлаб топишга уринган, аммо бунга эриша олмаган. У, шунингдек, аэропорт биноси олдида йиғилган тарафдорлар билан гаплашди.

Киевнинг Печерский туман судида Порошенкога нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш бўйича тингловлар 17 январга белгиланган. Прокуратура уни 1 миллиард гривна (3 миллиард рублдан ортиқ) гаров пули олиш имконияти билан ҳибсга олишни талаб қилмоқда. Порошенко ҳибсга олинмаслигига ишонч билдирган.

Тергов маълумотларига кўра, 2014 йилда Порошенко россияпараст сиёсатчи Виктор Медведчук ва бошқа бир қатор шахслар билан Украина назорати остида бўлмаган Донбас вилоятларидан кўмир етказиб беришни ташкил этиш мақсадида тил бириктирган. У давлатга хиёнат ва терроризмни молиялаштиришда айбланмоқда. Иш қўзғатилганидан сўнг Порошенко мамлакатни тарк этди, бироқ дарҳол бу иш сафари эканлигини ва тез орада қайтишини билдирди. Ҳозир мухолифатдаги «Европа бирдамлик» партиясини бошқараётган Порошенко бу ишни сиёсий деб билади ва расмийларни Россия таҳдидига етарлича эътибор бермай, мухолифларни бостиришда айблайди.

6 январь куни Украина суди Порошенконинг мулкини ҳибсга олди.

XS
SM
MD
LG