Қўмита қайдича, “божхона идораларида раҳбарият ва бўлим бошлиқлари алоқадор кенг кўламли коррупция мавжудлиги ҳақида маълумот олинган”.
МХДҚ Давлат божхона хизмати раҳбарлари импорт билан шуғулланувчи хусусий ширкатлар манфаатини ҳимоя қилгани, улар учун имтиёли шароит яратгани ва пора эвазига уларнинг молларини божхона назоратидан яширганини урғулаган.
“Бундан ташқари, божхона хизмати раҳбарлари аффилланган ширкатлар томонидан ташқи иқтисодий фаолият субъектларига кўрсатиладиган хизматлар нархларини асоссиз равишда ошириб келмоқда”, дейилган қўмита хабарномасида.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, 17 январь куни “Коррупция” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, иш доирасида ДБХ раиси Адилет Кубаничбеков ҳибсга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
40 ёшли тадбиркор Адилет Қубаничбеков 2021 йил октябрида Давлат божхона қўмитасига раҳбар этиб тайинланган эди.
Қирғизистонда божхона хизмати энг коррупциялашган тузилмалардан бири бўлиб ҳисобланади.