Ссылки доступа

Қозоғистон МХҚ чегарада курагида ўқ изи бўлган ўзбекистонлик ушланганини иддао қилди


Қозоғистонлик чегарачилар бошқа кучишлатар идоралар ходимлари билан биргаликда Туркистон вилоятидаги “Жибек Жоли” назорат-ўтказиш масканида тартибсизликларда иштирок этганликда гумонланган ўзбекистонликни қўлга олишган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон ҳудудига ўтиб кетишга уринган бу шахс 1993 йилда туғилган Е. исмли шахс эканини маълум қилган.

МХҚ иддаосича, қўлга олинган ўзбекистонликнинг мобил телефонидан Чимкентдаги тартибсизликлар акс этган видеоматериаллар чиққан. Шунингдек, унинг курагида ўқ изи борлиги айтилган. Қўмита тахминича, бу резина ўқ изи бўлиши мумкин.

Қўлга олинган шахс Сариоғоч тумани полиция бўлими ходимларига топширилгани айтилган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, мамлакатнинг Қозоғистондаги дипломатик муассасалари ҳам ҳали изоҳ берганича йўқ.

Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи кескин ошиши ортидан 2 январь куни мамлакат ғарбида бошланган норозилик чиқишлари кейинроқ бошқа ҳудудларга ҳам тарқалган ва жанубдаги Туркистон вилоятида ҳам кузатилган. Дастлаб тинч намойиш кўринишига эга бўлган бу чиқишлардан айримлари турли жойларда тартибсизликларга айланиб кетган, хусусан, Қозоғистоннинг аввалги пойтахти Олмаота зўравонликларга саҳна бўлган. Бунинг ортидан президент Қасим-Жомарт Тоқаев фавқулодда ҳолат тартибини жорий этиб, кучишлатар тизимлар ходимларига намойишчиларни “огоҳлантиришсиз отиш”га буйруқ берган.

Кейинроқ расмийлар вазият назоратга олингани иддаоси билан қатор ҳудудларда фавқулодда вазият тартибини бекор қилинган. Хусусан, 13 январдан буён Ғарбий Қозоғистон, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Шарқий Қозоғистон, Туркистон ва Қарағанда вилоятлари ҳамда Чимкент шаҳрида мазкур тартиб бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG