Ссылки доступа

Қозоғистон расмийлари тартибсизликлар қурбонлари сони 227 нафарга етганини маълум қилди


Сўнгги бир неча кун ичида Қозоғистондаги тиббиёт муассасаларида мамлакатдаги тартибсизликлар қурбони бўлган яна икки киши ҳалок бўлди, деди 18 январь куни республика соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният.

«Тиббиёт муассасаларида вафот этганларга келсак: бугунги кунда бу рақам 177 нафар беморни ташкил этади», — деди Гиният.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тартибсизликлар пайтида тиббиёт ташкилотларида 175 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, 15 январь ҳолатига кўра, ўликхоналарга 225 кишининг жасади жойлаштирилган. Шу тариқа, республикада тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлар сони 227 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, «мамлакатда террорчилик ҳаракати содир бўлганидан бери 2739 нафар жабрланувчи тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган».

Айни пайтда 200 нафар бемор стационар даволанмоқда, 14 нафар беморнинг аҳволи оғир, деб хабар берди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Аввалроқ Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада намойишлар чоғида 149 нафар тинч аҳоли вакили ва 11 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари вакили ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

2 январь куни Қозоғистонда суюлтирилган газ нархи ошиши муносабати билан оммавий норозилик намойишлари бошланди. Аста-секин улар бутун мамлакатни қамраб олди. Мамлакат расмийлари Олмаотага «20 минг террорчи» ҳужум қилганини (кейинчалик ИИВ бу шаҳардаги намойишчиларнинг умумий сони эканлигини аниқлади), гўёки хорижда тайёргарликдан ўтганини, шу сабабли Тоқаев КХШТ блокига мурожаат қилганини маълум қилди.

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон расмийларини инсон ҳуқуқларининг бузилиши, жумладан, «хавфсизлик кучлари томонидан ўлимга олиб келувчи куч ишлатиш» ҳақидаги барча хабарлар бўйича самарали ва холис тергов ўтказишга чақирди.

XS
SM
MD
LG