Авиаширкатларнинг бу огоҳлантируви АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) раҳбариятига йўлланган.
American Airlines, Delta Air Lines ва United Airlines каби ширкатлар директорларининг аризаси остига бошқа авиаширкатларнинг раҳбарлари ҳам имзо чекишган. Улар йўловчи ва юк ташишда, вакциналар дохил тиббий воситаларни етказиб беришда узилишларнинг олдини олиш учун тезкор чоралар кўрилиши зарурлигини таъкидлашмоқда.
FAA 5G диапазонида узатилаётган сигналлар учоқнинг ердан қанча баландликда учаётганини аниқловчи радиоўлчагичлар ишига халақит бериши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Би-би-си сайтида эълон қилинган мақола муаллифларига кўра, мазкур жиҳозлар 4,2-4,4 ГГц диапазонида ишлайди. Бу ерда хатарли жиҳат шундаки, ҳозирда кимошди савдосига қўйилган 5G частоталари (3,7-3,8 ГГц) ўлчагичлар ишлайдиган частоталарга жуда яқин бўлиб қолган.