Ссылки доступа

Пентагон: Тожикистон ва Ўзбекистондаги афғон вертолётлари Толибонга берилмайди


Пентагоннинг билдиришича, Афғонистон армиясининг собиқ вертолётлари Кобул қулаганидан кейин Тожикистон ва Ўзбекистонга учиб келган.

Толибон вакиллари бир неча бор Тожикистон ва Ўзбекистонни ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтаришга чақирган. Аввалроқ ОАВда Душанбе ва Тошкент маълум миқдордаги вертолётларни қолдириш ҳуқуқини беришни сўраб АҚШга мурожаат қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби 18 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги брифинг чоғида журналистнинг вертолётлар тақдири ҳақидаги саволига жавоб берар экан, улар ҳали ҳам бу масала устида ишлаётганликларини айтди. «Аммо улар Афғонистонга Толибон томонидан фойдаланиш учун юборилади деб ўйламайман», — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Пентагон матбуот котибининг таъкидлашича, улар охир-оқибат нима қилишлари ва вертолётлар қаерга бориши ҳақидаги мунозаралар ҳали ҳам давом этмоқда.

Пентагон баёноти дунёда тан олинмаган Толибон ҳукуматидаги вазирлардан бири ўтган ҳафта Тожикистон ва Ўзбекистонни аввалги ҳукумат қулаганидан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб кетилган самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтариши кераклиги ҳақида огоҳлантирганидан кейин янграган. Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб («Толибон» ҳаракати асосчиси Мулла Умарнинг ўғли) 11 январь куни Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларининг Кобулда ўтказган машғулотлари чоғида Тожикистон ва Ўзбекистон «бу борада афғонларнинг сабр-тоқатини синовдан ўтказмаслиги керак», деди.

«Самолётларимиз, агар улар Тожикистон ёки Ўзбекистонда бўлса, бизга қайтарилиши керак. Самолётларимиз хорижда қолишига ва у ерда ишлатилишига ҳеч қачон рухсат бермаймиз», деди у.

Толибон мудофаа вазирлиги раҳбари, шунингдек, «агар самолётлар Афғонистонга қайтарилмаса, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини» қўшимча қилди. Бироқ, у бу қандай оқибатларга олиб келишини аниқлаштирмади.

Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Кобулдаги янги ҳокимият сўровига расман жавоб бергани йўқ. Бироқ, айрим ОАВлар ушбу давлатлар экспертларига иқтибос келтирган ҳолда, Толибоннинг вертолёт талаб қилишга ҳаққи йўқлигини, чунки уларнинг ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмагани, шунинг учун уларнинг талаблари ноқонуний ва мантиққа тўғри келмаслигини айтишган.

Ҳозир Кобулда ҳукмронлик қилаётган Толибоннинг даъво қилишича, аввалги Афғонистон ҳукумати қулаганидан кейин ўнлаб вертолёт ва самолётлар қўшни давлатларга йўналтирилган. Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари афғон қўшинлари ва учувчилари ўз ҳудудига 2021 йил августида келганини тасдиқлади.

Аввалроқ «Толибон» вакиллари вертолётларни қайтариш бўйича Душанбе ва Тошкентга мурожаат қилганликларини, бироқ бу қўшни давлатлар Афғонистонга вертолётларни қайтаришга ҳозирча тайёр эмаслигини билдирган эди.

Кейин Reuters агентлиги Тожикистон ва Ўзбекистон Ғани ҳукумати қулаганидан кейин Кобулга етказилган ҳарбий самолёт ва вертолётларнинг бир қисмини Афғонистонга қайтармаслик ниятида экани ҳақида хабар берди.

Ушбу агентлик маълумотларига кўра, ҳар икки штат АҚШдан вертолётларнинг бир қисмини сақлаб қолишга рухсат беришни талаб қилган. АҚШ ҳукуматидаги манбаларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, Қўшма Штатлар ушбу мамлакатлар сўровларини кўриб чиқмоқда. Америка томони ҳозирча бу борада расмий изоҳ бермаган.

Ушбу вертолётларнинг аксарияти АҚШ томонидан Афғонистон қуролли кучларига тақдим этилган. Ўтган август ойида Ашраф Ғани ҳукумати ағдарилганидан сўнг ўнлаб афғон учувчилари Тожикистонга қочиб ўтиб, уч ой давомида Душанбе чеккасидаги санаторийда сақланган. Бу вақт ичида улар ўз тақдирлари номаълумлиги, Афғонистондаги қариндошлари Толибон томонидан босим остида қолганидан қайта-қайта шикоят қилишган. 2021 йил 10 ноябрга ўтар кечаси 143 нафар афғон учувчиси Душанбедан Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрига олиб кетилди.

XS
SM
MD
LG