Ссылки доступа

Қирғизистон қўшни давлатлар энергетика вазирларини Тўқтўғул сув омборига ташриф буюришга таклиф қилмоқда


Қирғизистон Республикаси Энергетика вазирлиги Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика вазирларини Тўқтўғул сув омборига ташриф буюришни таклиф қилди.

Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси энергетика вазири Дўстқул Бекмурзаев 18 январь куни парламентнинг ёқилғи-энергетика комплекси, ер қаъридан фойдаланиш ва саноат сиёсати қўмитаси йиғилишида маълум қилди.

«Январь ойининг учинчи ўн кунлигига Қозоғистон, Ўзбекистон энергетика вазири ва сув хўжалиги раҳбарларини таклиф қилдик. Биз уларни Тўқтўғул сув омборига олиб борамиз, сув сатҳини кўрсатамиз. Биз уларга рақобат қилмаслик, балки ҳамкорлик қилиш таклифи билан хат жўнатдик», — деди вазир.

«Электр станциялари» сайтининг маълумотларига кўра, 18 январь ҳолатига кўра, Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажми 9,5 миллиард куб метрни ташкил этиб, 2021 йилнинг 18 январига нисбатан 1,8 миллиард куб метрга камдир.

Қирғизистон ҳар йили танқис бўлганда электр қувватини импорт қилади. Аммо бу йил мамлакат уни бир нечта мамлакатлардан сотиб олишга мажбур. Йил бошидан буён Қозоғистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорт қилинмоқда. Бундан ташқари, Бишкек Тожикистон ва Туркманистондан харидларни амалга оширди. Россиядан импорт қилиш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.

XS
SM
MD
LG