Бу ҳақда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP), “Власт” ҳамда Kloop нашрлари қўшма текширувида маълум қилинди.
Тергов муаллифларининг даъво қилишича, Назарбоев президент бўлган даврида ўхшаш номдаги ва ҳисоботлари шаффоф бўлмаган тўртта хайрия жамғармасига асос солган. Гап Назарбоев жамғармаси, Нурсултон Назарбоев жамғармаси, Демеу жамғармаси ва Eлбасы жамғармаси ҳақида бормоқда. Жамғармалар қўлига Қозоғистон, Қирғизистон ва Россиядаги банклар, телеканаллар, меҳмонхоналар, савдо марказлари, фабрикалар, омборлар, қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган шахсий самолёт, гольф майдони, облигациялар ва нақд пул киради.
Расмий равишда Назарбоев кўп миллиард долларлик активларга эга эмас, лекин у фонд асосчиси сифатида уларни назорат қилади, дейди тергов.
Назарбоевнинг вакили терговга изоҳ беришдан бош тортди, уч фонд ҳам журналистларнинг илтимосини эътиборсиз қолдирди. Жамғармалардан бирида Назарбоев активлардан фойда олмаслиги, биринчи президент номидаги таълим муассасалари жамғарма маблағига қурилгани айтилган.
-
Назарбоев ҳозир 81 ёшда. У Қозоғистонни 30 йилга яқин бошқарган, 2019 йилда президентликдан кетган, бироқ умрбод Хавфсизлик Кенгаши ва ҳукмрон партия раҳбари бўлиб қолган, унинг қариндошлари ва яқинлари эса етакчи лавозимларни эгаллашда давом этган.
Қозоғистонда норозилик намойишлари бошланганидан бери Назарбоев омма олдига чиқмади, оммавий ахборот воситалари унинг мамлакатни тарк этгани ҳақида хабар беришди. Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши раҳбари лавозимидан озод қилди. 18 январь куни Назарбоев видеомурожаат қилиб, у барча ваколатларни Тоқаевга ўтказаётганини, Қозоғистонда элита можароси йўқлигини айтди.
Қозоғистонда газ нархи ошиши сабабли норозилик намойишлари 2 январь куни бошланган, бироқ тез орада намойишчилар Назарбоевнинг истеъфосини талаб қила бошлаган. Бир қатор шаҳарларда, биринчи навбатда, Олмаотада норозилик намойишлари фонида қурол ишлатиш билан тартибсизликлар ва погромлар бошланди. Қозоғистон ҳукумати уларни ташқаридан тайёрланган террорчилар уюштирганини айтди. Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда январь воқеаларида 225 киши ҳалок бўлган, уларнинг катта қисми тинч аҳоли вакилларидир.