Ссылки доступа

Қишки таътилдан сўнг ўқувчилар ва талабалар бир ой давомида онлайн таълим олади


Ўзбекистонда қишки таътил кунлари тугайдиган 24 январдан бошлаб барча мактаблар (шу жумладан президент мактаблари), лицейлар, олий ва профессионал таълим муассасаларида таълим жараёни бир ой давомида “онлайн” шаклда олиб борилади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматлари маълумот тарқатишди.

Мазкур қарор коронавирус янги штаммининг болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши хавфини олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилингани айтилмоқда.

ХТВ қайдича, масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун дарслар МТРК телеканаллари ҳамда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали бериб борилади, дарслар жадвали эса кунлик равишда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эса талабалар учун темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирмаларини сақлаб қолиш ҳамда 2022 йил 24 февралига қадар авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилишини билдирган.

Аввалроқ ҳар икки вазирлик Ўзбекистондаги мактаблар ва ОТМларда қишки таътил 24 январгача давом этиши ҳақида эълон қилган эдилар.

XS
SM
MD
LG