Ссылки доступа

Мирзиёев давлатга қарашли 23 та корхона акцияларини сотиш ҳақида топшириқ берди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев масъулларга мамлакатдаги 23 та акциядорлик жамияти акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш ҳақида кўрсатма берди.

Мазкур топшириқ, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 20 январь куни Ш. Мирзиёев раислигида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида берилган.

Хабарномада президент айнан қайси корхоналарни назарда тутганига аниқлик киритилган эмас. Бироқ видеоселекторда “Фарғонаазот”, “Бектемир спирт заводи”, “Қўқон биокимё”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Кварц”, Hyatt сингари йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги урғуланган.

Шунингдек, йиғилиш чоғида, президент топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқлангани, нефть-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино борлиги, вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай тургани айтилган.

Ш. Мирзиёев ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, у масъуллар олдига бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифасини қўйган.

Президент йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтган.

“Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин”, деган Ш. Мирзиёев бош вазир А. Ариповга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш вазифасини топширган.

Президент Ш. Мирзиёев ўтган йил баҳорида “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган, мазкур ҳужжатга илова ўлароқ 2021—2023 йиллар мобайнида акциялари биржага чиқарилажак 15 та йирик ширкат рўйхати тасдиқланган эди.

XS
SM
MD
LG