Ссылки доступа

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европарламентнинг мамлакатдаги вазият бўйича қабул қилган резолюциясини нохолис деб атади


Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 21 январь куни Европарламент томонидан пайшанба куни қабул қилинган резолюцияни нохолис деб атади, унда европалик депутатлар Қозоғистонда январь ойи бошидаги қонли воқеалар юзасидан халқаро тергов ўтказишга чақиради.

«Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европарламентнинг мамлакатимиздаги вазият бўйича қабул қилинган резолюцияси нохолис хулосалар ва маълумотларга асосланганлигини таъкидлайди. Биз Қозоғистондаги фожиали январь воқеаларига холис баҳо берилмаганидан хавотирдамиз», — дейилади баёнотда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигида таъкидланганидек, резолюция лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида Европарламент депутатлари қозоғистонлик расмийлардан тушунтиришлар сўрамаган.

«Биз Қозоғистон Республикаси раҳбарияти ташаббуси билан бошланган расмий тергов натижалари эълон қилинмагунча бундай ҳужжатларни қабул қилишни номақбул деб ҳисоблаймиз. Унинг натижалари халқаро ҳамжамиятга тақдим этилишини яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди Қозоғистон ТИВ.

20 январда қабул қилинган резолюцияда депутатлар, хусусан, халқаро тергов бошлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бузилгани учун қозоғистонлик мансабдор шахсларга нисбатан санкция қўллашга чақирган.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди шу ҳафта бошида эълон қилинган француз матбуотига берган интервьюсида Қозоғистон расмийлари тергов натижаларини оммага ошкор этиш ниятида эканини айтди. Шу билан бирга, у президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг риторикасини давом эттирди ва расмийларда ўндан ортиқ вилоятлар ва хусусан, Олмаота «террорчилик ҳужумларига учрагани» ҳақида далиллар борлигини айтди.

2 январь куни Ғарбий Қозоғистонда газ нархининг кўтарилиши сабаб бўлган норозилик намойишларидан сўнг, Қозоғистон ҳукумати кўчаларга чиққан фуқароларни намойишчилар деб атаган, бироқ сўнг риторикани кучайтириб, ўн минглаб «террорчи» деб эълон қилган. «Террорчилар» ҳақидаги тезисни илк бор 5 январь куни кечқурун Хавфсизлик кенгаши йиғилишида президент Қасим-Жомарт Тоқаев айтган эди.

Хусусан, у ушбу «ҳужум»ни баҳона қилиб, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан хорижий ҳарбий ёрдам сўраб, «махсус операция» бошлаган хавфсизлик кучларига «ўлдириш ҳақида огоҳлантирмасдан» ўқ узишни буюрди.

XS
SM
MD
LG