Ссылки доступа

“Росатом” Қирғизистон ҳудудида кичик АЭС қурмоқчи


Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ва Қирғизистон энергетика вазирлиги кам қувватли атом электр станцияларини қуришда ҳамкорлик қилишга оид меморандумга қўл қўйди. “Росатом” сайтидаги маълумотга мувофиқ, ҳужжат 20 январь куни Дубайда “Экспо-2020” Бутунжаҳон кўргазмаси доирасида имзоланган.

Меморандумга Россия томонидан “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв, Қирғизистондан энергетика вазири Досқул Бекмурзаев қўл қўйишган. Ҳужжат “Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги РИТМ-200Н реактор қурилмаси негизида кам қувватли атом станциясини қуришда” ҳамкорлик қилишни назарда тутади.

“Қирғизистонда бундай атом станцияси қурилиши мамлакатнинг энергетик мустақиллигига ёрдам бериши билан бирга, аҳолининг турмуш сифатига ва бутун Марказий Осиёнинг илмий-техник салоҳияти ривожланишига таъсир этади”, деган “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв.

Шунингдек, Россия давлат корпорацияси Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Тилек Айталиевнинг “энергиянинг экологик тоза манбаларини ривожлантириш долзарб дунё тенденцияси бўлиб, Қирғизистондан ундан орқада қолишни истамайди”, деган сўзларини келтирган.

Қирғизистон энергетика вазирлиги “Росатом” билан имзоланган ҳужжат юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ.

XS
SM
MD
LG