68 ёшли А. Саркисян 2018 йилдан бери президент лавозимида фаолият юритаётган эди. 1996-1997 йилларда у тўрт ой муддатга бош вазир бўлган. Арманистон – парламент республикаси бўлиб, президентлик асосан расмиятчилик тусидаги лавозим саналади. Бу лавозимга фақат бир марта, етти йил муддатга сайланиш мумкин.
Саркисяннинг аризасига кўра, Арманистондаги воқеликда президент тизимли вазифаларни бажариш учун “ўз салоҳиятининг катта қисмидан фойдалана олмайди”, “мазкур вазиятда ўз мамлакатига ёрдам бериши учун президентда зарур воситалар йўқ”.
Аризада Саркисян даврида Конституцияга ўзгаришлар киритиш бўйича комиссия тузилгани эслатилган. У мазкур ўзгаришлар қабул қилинганидан сўнг навбатдаги президент “нисбатан уйғун муҳитда” ишлашига ва мамлакатда “тийиб туриш ва мувозанатда тутиш тизими яратилишига” умид билдирган.
Мамлакат қонунчилигига биноан, президент истеъфо аризасини парламентга тақдим этади. Истеъфо бу ҳақда эълон қилинган вақтдан эътиборан қабул қилинган ҳисобланади. Янги давлат раҳбари лавозимга киришгунига қадар президент ваколатларини парламент раиси бажариб туради. Президент депутатлар томонидан сайланади.
Армен Саркисян қарийб тўрт йил муқаддам президентликка сайланганидан кўп ўтмай оммавий норозилик манзарасида амалдаги бош вазир Никол Пашинян иқтидорга келган эди.