Ссылки доступа

Етим болалар Миллий Гвардия ва ИИВ ходимлари уйида тарбияланади


16 январь куни ижтимоий тармоқларда тошкентлик таниқли тадбиркор Мурод Назаровнинг меҳрибонлик уйидан биратўла 9 нафар қизни асраб олгани ҳақида хабар тарқалди.

Кейинроқ Murad Building асосчисининг ўзи ушбу хабарни маҳаллий нашрларга тасдиқлади. Аммо Мурод Назаров бу меҳрибонлик акциясининг ягона иштирокчиси эмас.

Президент Мирзиёевнинг ўтган йил августидаги қарори билан Меҳрибонлик уйлари тугатилмоқда. Айни пайтда тарбияланувчилар кимларнинг қарамоғига берилаётгани ҳамда кейинги ёрдамга муҳтож болалар тақдирига оид саволларни пайдо қилмоқда.

Миллий гвардия Ахборот хизматининг маълум қилишича, шу кунга қадар Навоий, Фарғона, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда “Меҳрибонлик” уйлари тўлиқ тугатилган.

Бу уйлардаги болалар оилаларга бўлиб берилган ва сўнгги 4 ой ичида Ўзбекистонда 100 га яқин Оилавий болалар уйлари очилган.

Расмий ОАВ хабарларига кўра, етим болаларни бўлиб олганларнинг аксари ёпилаётган “Меҳрибонлик” уйларининг ходимлари ва раҳбарлари, ҳокимият, Миллий гвардия, ИИВ ходимлари ҳамда маҳаллий тадбиркорлардир.

Миллий гвардия Ахборот хизмати Озодликнинг, бу болалар қисқа муддат ичида оилаларга қандай тақсимлангани, уларнинг кейинги ҳаёти қандай назорат қилиниши ва бошқа саволларига жавоб бермади.

Фарғона вилояти ҳокимлик органларидан бирида ишлайдиган мулозимга кўра, давлат ва куч ишлатар идоралари, шунингдек тадбиркорлар “Меҳрибонлик” уйларидаги болаларни ўз ташаббуси билан фарзандликка олмоқда.

Расмий, вилоятдаги 2 та “Меҳрибонлик” уйи ва 1 та Болалар уйи тамоман ёпилганини айтди.

“Баъзи болалар ўзининг оиласига ёки қариндошларига, баъзилари оилавий болалар уйларига берилди. Миллий гвардия ходимларимиз, ҳокимиятдаги ходимларимиз ҳам ўзлари ўз ташаббуси билан болаларни олди, Миллий гвардия бошқарма бошлиғимизнинг ўзлари қўллаб-қувватлаб турдилар. Тадбиркор оилаларга ҳам берилди. Асосийси, етарли уй-жойи бўлиши керак. Қолган харажатлари тўлиқ давлат ҳисобидан”, деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим.

Самарқанд вилоятидаги Васийлик ва ҳомийлик органида ишлайдиган мутахассис, сўнгги 4 ой ичида бирин-кетин очилган Оилавий болалар уйлари ҳақидаги хабарларни кузатиб бораётгани, умумиятла бу жараённи қўллаши, айни пайтда хавотирлари ҳам борлигини айтди:

“Бу болаларнинг оилада бўлгани, албатта яхши. Лекин, 10 йил васий-ҳомий бўлиб ишладим, етим болани оламан, деган ҳокимият амалдори ёки ИИВни начальнигини кўрмадим, ҳозир улар 5 талаб бола оляпти. Яна асосан 8 - 16 ёшдаги болалар, тарбиялаш қийин. Мен бу хабарларни кўриб, уларни мажбурлашяпти, деган фикрга келяпман. Энг муҳими, бу болаларнинг кейинги тақдирини ким қандай назорат қилади? “Ўртоқ начальник, асраб олган қизларингиз билан бир гаплашиб олайлик”, деб боришга кимнинг духи етади? ИИВ, ҳокимиятдаги раҳбарларнинг феъли ҳаммага маълумку!”

Самарқандлик мутахассисга кўра, ҳозир фарзандлик, васий ёки ҳомийлик, патронатга берилаётган болаларга давлат ҳисобидан ойига 1 миллион 300 минг сўм атрофида (базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари - таҳр.), ногирон болалар учун эса 2 миллион 700 минг сўм атрофида (базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари- таҳр.) пул тўланади.

“Бундан ташқари, кийими учун ҳам давлат пул беради, йилда бир марта. Куртка, этик, спорт оёқ кийими, мактаб кийими биттадан. Лекин барибир 1 миллион 300 минг сўм бир ойда битта ўсмирга кетадиган ҳаражатни қопламаслиги аниқда. Шундан келиб чиқиб айтяпман, “Меҳрибонлик” уйларини тезда ёпиш топшириғи тепадан берилган, булар ура-ура қилиб болаларни тарқатиб, “Меҳрибонлик” уйларини шоша-пиша ёпишяпти”.

“Меҳрибонлик” уйларининг ёпилишию болаларнинг тезлик билан турли оилаларга тарқатилиши жамоатчиликда турлича муносабат уйғотди.

Бир тарафдан, бундай оилалар болаларни ўз ихтиёри билан оляптими ва бунинг ортида болалар ҳуқуқларига зид келувчи манфаат йўқми, деган савол ўртага ташланмоқда.

Иккинчи тарафдан, қарийб тенг ёшдаги ўсмир қиз ёки йигитларни қисқа муддат ичида асраб олаётган ўзига тўқ оилаларнинг руҳий, тиббий ва маънавий аҳволи ўрганилдими, қонунчиликда белгиланганидек, психиатр кўригидан ўтказилдими, деган саволлар бот-бот такрорланмоқда.

Халқ таълими вазирининг ўринбосари Дилшод Кенжаев берган маълумотга кўра, 2021 йил ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатдаги жами 16 та “Меҳрибонлик” уйида 2 минг 47 нафар тарбияланувчи бўлган.

Булардан 316 нафари чин етим (отаси-онаси вафот этган), қолганлари чала етим (ё отаси, ё онаси вафот этган) ёки ижтимоий етим (ота-онаси тирик) болалар.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусовага кўра, “Меҳрибонлик” уйларидаги бир болани бир ой парвариш қилиш, 2020 йил ҳолатига кўра, 2 ярим миллион сўмга тушган.

Айни пайтда “Меҳрибонлик” уйлари кескин қисқариб кетса, келгусидаги эҳтимолий етим ва қаровсиз қолган болалар қандай ҳимоя топишига оид саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

ЮНИСЕФ ташкилоти, Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ совет тизимидан қолган етимхоналар институтини тугатиш ислоҳотларини олқишлашини билдирган. Аммо бу жараённи пишиқ режа билан, босқичма-босқич амалга ошириш ҳамда болаларни олган оилаларни узлуксиз ёрдам билан таъминлашга чақирган.

XS
SM
MD
LG