Мазкур дастур президент Ш. Мирзиёев томонидан жорий йил 22 январида имзоланган “2022–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан қабул қилинган.
Дастурга мувофиқ, 2022–2024 йиллар мобайнида 54 минг 230 ўқув ўрни ва 8 минг 358 ётоқ ўрнига эга олий таълим муассасалари, 259 минг 101 ўқув ўрнига эга, 248 та спортзалдан иборат умумтаълим, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, 88 минг 310 ўринга эга мактабгача таълим ташкилотлари ва 24 минг 213 ўринга эга соғлиқни сақлаш муассасаларини ишга тушириш кўзда тутилган.
Президент қарори билан Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси тузилган. Мазкур комиссия Дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориши айтилмоқда.
Ҳужжатда дастурлар доирасида режалаштирилган маблағларни ички манбалар ҳисобидан жалб қилинган қарз маблағлари, хорижий кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловларини қоплашга, шунингдек, объектлар қуриш учун кредитлар ажратишга йўналтириш тақиқланиши урғуланган.