Унинг сўзларига кўра, Киев жаҳон дипломатиясининг марказига айланган ва дунё Украинада содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатмоқда.
Шу билан бирга, вазирнинг қўшимча қилишича, Россия Қозоғистонда ўзининг «тезкор ва қаттиққўл» ҳаракат қилиш қобилиятини кўрсатган. Бинобарин, у минтақадаги мавқейини ҳам мустаҳкамлади.
«Ҳарбий нуқтаи назардан, бу маҳаллий операция бўлиб, Россиянинг КХШТ соябони остида тезкор ҳаракат қилиш учун глобал имкониятларини намойиш этди. Мен КХШТнинг Қозоғистондаги барча кучлари вазиятни барқарорлаштириш учун қанчалик зарур бўлганига баҳо бермайман, бироқ Россия ҳаммага тез ва қатъий ҳаракат қилишга тайёрлиги ҳақида сигнал берди. Бу сигнал нафақат Вашингтонда, балки Пекинда ҳам эшитилди ва кўринди. Албатта, бундай ҳаракатдан кейин Россиянинг бу минтақадаги позицияси мустаҳкамланади», — деди Кулеба.
Қозоғистонда норозилик намойишлари 2 январь куни бошланган ва тахминан бир ҳафта давом этган. Уларнинг сабаби суюлтирилган газ нархининг кўтарилиши эди. Митинглар аксарият ҳудудларни қамраб олди ва иқтисодий талабларга қаттиқ назорат остидаги мамлакатда ислоҳотлар ўтказиш талаблари қўшилди. Халқ собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатдан кетишини, унинг тарафдори Қасим-Жомарт Тоқаевнинг истеъфога чиқишини ва янги демократик сайловлар ўтказилишини талаб қилди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 5 январь куни Россия ва унинг КХШТ бўйича иттифоқчиларидан ёрдам сўради. Ҳукумат ҳудудларда «аксилтеррор операцияси» эълон қилди ва президентнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига «ўлдириш учун отиш» буйруғи берилди.
Расмий маълумотларга кўра, камида 227 киши, жумладан, 19 хавфсизлик ходими ҳалок бўлган. Қурбонларнинг баъзилари расмийлар томонидан тартибсизликларда айбланган «қуролли бандитлар» ва «террорчилар» эканлиги аниқланган.
КХШТ қўшинларининг Қозоғистонга кириши мамлакат ичида ҳам, шу жумладан ташкилотга аъзо бўлган айрим давлатлар пойтахтларида ҳам кескин қоралашларга сабаб бўлди. Расмийларни Қозоғистонга қўшин юборишдан бош тортишга чақирган норозилик намойишлари бўлиб ўтди.
7 январь куни Россия Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийлар базасида жойлашган КХШТ бўлинмалари Қозоғистонда «ўз вазифаларини бажаришга киришганини» маълум қилди. 11 январь куни, мамлакатга хорижий қўшинлар киритилганидан бешинчи кун ўтиб, Тоқаев КХШТнинг мамлакатдаги миссияси якунлангани ва қўшинларни олиб чиқиш 13 январдан бошланиши ва 10 кундан ортиқ давом этмаслигини маълум қилди. 19 январь куни Қозоғистон расмийлари ва Россия Мудофаа вазирлиги КХШТ қўшинларини Қозоғистондан олиб чиқиш якунланганини эълон қилди.