Ссылки доступа

ИИВ: Январь воқеаларидан кейин Қозоғистонда еттита қийноқ ҳолати текширилмоқда


Гражданские, военные и бронетранспортер возле следственного изолятора в городе Талдыкоргане. 12 января 2022 года

Қозоғистонда еттита қийноқ ҳолати бўйича тергов олиб борилмоқда, деди вазир маслаҳатчиси, Қозоғистон ИИВ матбуот котиби Нурдилда Ораз 24 январь куни бўлиб ўтган брифингда.

«Ички ишлар вазирлиги фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш фактларига кескин муносабат билдирмоқда. Ҳар бир факт видеокамералар, жумладан, милиция бинолари ва жамоат жойларига ўрнатилган камералар таҳлили билан пухта ўрганилмоқда. Жумладан, 27 та хабар бўйича Жиноят кодексининг 146-моддаси («Қийноқлар») билан 7 та терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилган бўлса, 20 та ҳолат бўйича хизмат тергови олиб борилмоқда», — деди у.

Унга кўра, 17 январдан 23 январгача Ички ишлар вазирлигига ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан фуқаролардан 74 та мурожаат келиб тушган. Шундан 46 таси фуқароларни ушлаб туриш ва ички ишлар бўлимларига етказиш, 28 таси фуқароларнинг уяли телефонлари таркибини текширишга оид.

«Ҳар бир мурожаат этувчига қамоққа олингани сабаблари, ҳуқуқбузарлик хусусияти ва улар билан боғланиш мумкин бўлган қамоқда сақлаш жойлари тушунтирилади. Уяли телефонларни текшириш бўйича 28 та факт – барча телефонлар Жиноят кодексининг 255 (террорчилик акти), 269 (бино ва иншоотларга ҳужум), 273 (тартибсизлик) моддалари бўйича терговга қадар текширувлар доирасида олиб қўйилгани аниқланди», деди Ораз.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, оммавий тартибсизликлар пайтида содир этилган жиноятлар учун 731 нафар шахс жазони ижро этиш тизими муассасаларига олиб келинган, улардан 20 нафари суд ва прокуратура томонидан қамоққа олинганлар уй қамоғи ёки чет элга чиқмаслик тўғрисида ёзма мажбурият билан алмаштирилган. Ҳозирда тергов изоляторларида 711 нафар шахс сақланмоқда, деди ИИВ вакили.

Унинг таъкидлашича, агар тан жароҳати ёки касаллик аниқланса, қўлга олинган гумонланувчиларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилади. Ҳар бир бундай факт прокуратура органларига хабар қилинади.

«Муассаса ёрдам кўрсатишнинг иложи бўлмаса, улар фуқаролик соғлиқни сақлаш ташкилотларига олиб кетилади, ихтисослаштирилган қўриқланадиган бўлимларда даволанади. Бугунги кунда 23 киши ана шундай шароитда», — дейилади ИИВ хабарида.

Расмий маълумотларга кўра, камида 227 киши, жумладан, 19 хавфсизлик ходими ҳалок бўлган. 15 январь куни Бош прокуратура 225 нафари ўликхонага олиб кетилганини, бир неча кундан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки жабрланувчининг касалхонада вафот этганини маълум қилди. Қурбонларнинг баъзилари расмийлар томонидан тартибсизликларда айбланган «қуролли бандитлар» ва «террорчилар» эканлиги аниқланган. Тинч аҳоли орасида қурбонларнинг аниқ сони айтилмаган.

22 январь куни Нур-Султонда бўлиб ўтган йиғилишда Тоқаев Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага тартибсизликлар чоғида содир бўлган ҳар бир ўлим фактини синчковлик билан текширишни топширган эди.

— Бўлиб ўтган воқеалар ҳақида жамиятда ўз фикр-мулоҳазаларини тахмин ва иғволар асосида шакллантиришга йўл қўйиб бўлмайди. Фуқаролар ҳокимият ошкоралик ва қонунийликни таъминлашини кўришлари керак», — деди Тоқаев.

Қозоғистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари хавфсизлик кучлари тинч намойишчилар ва фаолларни калтаклаётгани ва қийноққа солаётгани ҳақида хабарлар олаётганини айтади.

Январь воқеаларидан кейин ижтимоий тармоқларда «йўқолганлар»ни қидириш ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади. Интернетда ўлганларнинг дафн маросимидан кўплаб видеолар мавжуд. Бир қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Human Rights Watch, Халқаро Амнистия, шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари, Европа Иттифоқи ва АҚШ вакиллари Қозоғистондаги ҳибслар билан боғлиқ вазият ва ҳукуматнинг огоҳлантирмасдан отиш ҳақидаги буйруғи юзасидан баёнот беришди.

XS
SM
MD
LG