Ссылки доступа

Украина инқирози: Ғарб давлатлари Шарқий Европага ўз қўшинларини юборишга тайёр


НАТО Россиянинг Украинага эҳтимолий ҳужумига қарши туриш учун Шарқий Европадаги ҳарбий иштирокини кучайтиришда давом этишини билдирмоқда.

Ҳарбий альянс веб-сайтида хабар қилинганидек, НАТОнинг кўплаб аъзолари Шарқий Европага ўз қўшинлари, самолётлари ва ҳарбий кемаларини жўнатмоқчи ҳамда Қўшма Штатлар ҳам минтақадаги ҳарбий иштирокини оширишга ваъда берди, дейилади НАТО баёнотида.

Шундай қилиб, Дания Болтиқ денгизига фрегат юборади ва ҳаво ҳудудини қўриқлаш учун Литвага тўртта Ф-16 қирувчи самолётини жойлаштиради. Испания альянс денгиз кучларига қўшилиш учун кемалар жўнатмоқда ва Болгарияга қирувчи самолётлар юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Франция Руминияга НАТО қўмондонлиги остидаги қўшинлар контингентини юборишга тайёрлигини билдирди. Нидерландия, шунингдек, Болгарияга иккита Ф-35 қирувчи самолётини юборади, Голландия Ҳарбий-денгиз кучларининг бир кемаси ва бир нечта қуруқликдаги бўлинмалари НАТОнинг тезкор жавоб кучларига қўшилади.

Аввалроқ Неw Йорк Тимес газетаси Байден маъмурияти Болтиқбўйи ва Шарқий Европага қўшин киритиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди. АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирбининг 24 январь, душанба куни маълум қилишича, Қўшма Штатлар Европага 8500 нафар ҳарбийни жойлаштиришга тайёр, бироқ ҳозирча уларни жойлаштириш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 24 январь куни бу баёнотларга жавобан НАТО ва Ғарбни кескинликни келтириб чиқараётганликда айблаб, «ҳамма нарса НАТО, Америка Қўшма Штатлари қилаётган ишлар ва улар тарқатаётган маълумотлар туфайли содир бўлаётганини» айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг блокдаги иттифоқчилари томонидан жамоат майдонида бошланган «ахборот истерияси» ҳам хавфсизлик соҳасидаги кескинликнинг кучайишига ёрдам беради. Песков, шунингдек, Россия Украинага ҳужум қилишни режалаштирмаганини қайд этди.

Шу билан бирга, душанба куни Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Россияни Украинага қилинган ҳужумнинг оқибатлари «ҳалокатли, қонли ва оғир» бўлишидан огоҳлантирди ва Буюк Британия Украина халқи ёнида бўлишини ва қироллик ҳозирда Россияга қарши янги санкциялар тайёрлаётганини қўшимча қилди.

Якшанба куни Давлат департаменти Американинг Киевдаги элчихонаси ходимларининг оилаларига Украинани тарк этишни буюргач, шунингдек, дипломатик миссия ходимларининг бир қисмига ихтиёрий равишда рухсат берганидан сўнг, Буюк Британия ҳам душанба (24 январь) куни дипломатларини ва уларнинг оилаларини Украинадан чиқариб юборишини эълон қилди. Шу билан бирга, ҳар икки элчихона ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.

Германия ва Австралия АҚШ ва Англиядан ўрнак олиб, элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини эвакуация қилиш зарурати туғилса, барча чораларни кўришларини маълум қилди. Франция ва Норвегия фуқароларига огоҳлантириш бериб, кейинги рейслар билан Украина давлати ҳудудини зудлик билан тарк этишни тавсия қилди.

Украина ҳукумати европалик дипломатларнинг мамлакатдан «чиқиб кетиши»ни танқид қилиб, буни «эрта» қадам деб атади ва Европа Иттифоқини «бир овоздан» Украина тарафини олишга чақирди.

Охирги ҳафталарда Россия Украина чегараларига 100 000 га яқин аскарини жойлаштирди ва бу ҳаракатни «мунтазам ҳарбий машғулотлар» туфайли эканини айтди, бироқ Украина ва Ғарб давлатлари Россия Украинага ҳарбий ҳужумга тайёрланаётганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG