Ссылки доступа

CAN: Росатом томонидан Марказий Осиёда (хусусан, Қирғизистонда) атом электр станцияси қурилиши сиёсий хусусиятга эга


Халқаро иқлим бўйича ҳаракат тармоғи (Climate Action Network – CAN) Қирғизистонда атом электр станциясини қуриш бўйича таклиф қилинган лойиҳага ўз муносабатини билдирди.

Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича CAN тармоғи координатори Олга Бойко Фейсбукдаги саҳифасида ташкилот шарҳини жойлаштирди. Унда қайд этилишича, “Росатом томонидан Марказий Осиёда атом электр станцияси қурилиши сиёсий хусусиятга эга».

«Минтақада аллақачон қурғоқчилик ва дарёларнинг сув миқдори камайиши кузатилмоқда, иқлим ўзгариши туфайли сув яна камаяди, реакторни сақлаш жуда қийин бўлади. Атом электр станциялари ниҳоятда қиммат ва хавфли технология бўлиб, уларни қуриш учун йиллар керак бўлади ва одатда тахминий бюджет ва вақт доирасидан ошиб кетади», — дейилади баёнотда. Шунингдек, унда айтилишича, “Росатомдан Қирғизистонда атом электр станцияси қуриш Россияга энергия қарамлиги ва мамлакатда мавжуд бўлган улкан қайта тикланадиган энергия салоҳиятидан узоқлашиш сари қадам ташлашни англатади».

Эслатиб ўтамиз, 19 январь куни Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси ўзининг расмий сайтида Қирғизистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан RITM-200N негизида Қирғизистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича меморандум имзолаганини маълум қилган эди.

Қирғизистон Республикаси Энергетика вазирлиги эса «қирғиз томони фақат Россия ядро олимларининг истиқболли ривожланишини ўрганишга қизиқиш билдирганини» таъкидлади ва «Қирғизистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Лойиҳа атроф-муҳит хавфсизлиги каби ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, узоқ давом этадиган жараён натижаларидан кейин амалга оширилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG