Ссылки доступа

Қирғизистонда фуқаролик фаоллари президентдан МХДҚ ва ИИВ раҳбарларини ишдан бўшатишни талаб қилмоқда


Фуқаролик фаоллари президент Садир Жапаровга Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва ички ишлар вазири Улан Ниёзбековни лавозимидан четлаштириш талаби билан мурожаат қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган баёнотда ҳам уларни жавобгарликка тортиш зарурлиги айтилган.

«Инсон қадр-қимматини қўполлик билан оёқ ости қилаётган, конституция билан кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқини, махфий маълумотларга эга бўлиш ҳуқуқини қўпол равишда бузаётган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарларини зудлик билан лавозимидан четлаштиришни талаб қиламиз», — дейилади мурожаатда.

Фаолларнинг фикрича, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари журналистлар, мухолифатчи сиёсатчилар ва фуқаролик фаолларининг шахсий ҳаёти устидан тўлиқ назорат ўрнатган.

Ушбу мурожаат бўйича имзо тўплаш ҳали ҳам давом этмоқда. Айни дамда мурожаатга Конституциявий палатанинг собиқ судьяси Клара Сооронқулова, МСК собиқ аъзоси Гулнора Жўрабоева, ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартова, адвокат Нурбек Тўхтақунов ва бошқа бир қатор фаоллар имзо чекишди.

22 январь куни журналист, “Temirov LIVE” ЁуТубе канали асосчиси Болот Темиров қўлга олинди, таҳририят эса бир неча соат давомида тинтув қилинди. ИИВ хабарига кўра, Темиров Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 283-моддаси («Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш») бўйича гумон қилинмоқда. “Temirov LIVE” телеканалининг журналистик текшируви мавзуларида қирғиз тилида импровизациялар куйлаган Акин Болот Назаров ҳам худди шу айблов билан ҳибсга олинган. 23 январь куни кечқурун улар гаров эвазига қўйиб юборилди.

Шу ҳафта ижтимоий тармоқларда Болот Темиров ва Болот Назаровга оид аудио ва видеолар тарқала бошлади. Шубҳали маълумотларга эга аккаунтлар томонидан тарқатилаётган бу ёзувлар яширин тарзда амалга оширилганини кўриш ва эшитиш мумкин.

XS
SM
MD
LG