Ссылки доступа

Қирғизистон Марказий Осиёнинг Бирлашган энергия ҳалқасида содир бўлган авариядан сўнг электр энергияси импортини тўхтатди


Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергияси импорти тўхтатилди. Бу ҳақда Озодлик радиосига Қирғизистон энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев маълум қилди.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу ички эҳтиёжларни таъминлашга таъсир қилмайди.

Вазир импортнинг тўхтатилишига Марказий Осиё Бирлашган энергия ҳалқасидаги авария сабаб бўлганини таъкидлаб, унинг оқибатлари бартараф этилгач, жараён қайта тикланишини қўшимча қилди.

25 январь куни тушдан кейин Марказий Осиё энергетика тизимида энг йирик авария юз берди. Қирғизистоннинг деярли бутун ҳудуди, Қозоғистоннинг жанубий қисми ва Ўзбекистоннинг шарқий вилоятлари бир неча соат давомида электр энергиясиз қолди. Воқеа содир бўлганидан сўнг дарҳол давлатлар бирлашган ҳалқадан узилиб, ўз ҳудудларида автоном электр таъминотини таъминлашга қарор қилишди.

Тўқтўғул сув омборида сувни тежаш мақсадида Қирғизистон ҳукумати 2021 йилда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан айирбошлаш ва тўғридан-тўғри харид қилиш йўли билан 2 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси импорт қилди.

2022 йилда Қирғизистон бундан ҳам кўпроқ электр энергияси сотиб олади. Бишкек Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан 3 миллиард кВт/соат етказиб бериш бўйича келишиб олган.

XS
SM
MD
LG