Ўрда нашри полициянинг изоҳига таяниб, гап тиббиёт муассасасидан одамларни «ташув» ҳақида кетаётганини маълум қилган.
«Расмдаги 16 нафар эркак Жиноят кодексининг 272-моддасида назарда тутилган жиноят, яъни оммавий тартибсизликларда иштирок этиш бўйича рўйхатга олинган жиноят ишида гумон қилинмоқда», — дейилади полиция хабарида.
Полициянинг маълум қилишича, ушбу гумондорларга нисбатан суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини белгилаган. Айтилишича, изоляция шароитида ярадорларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилади.
25 январь куни Олмаота шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Светлана Султонгазиева беморларнинг бир қисми ҳарбий госпиталга, бир қисми эса тергов органларига етказилганини маълум қилди.
24 январь куни Озодлик радиоси хавфсизлик кучлари касалхонага ётқизилган ярадорларни мажбуран олиб чиқаётгани акс этган видеоларни эълон қилди. Видеолар 9 январь куни Олмаотадаги тез тиббий ёрдам шифохонасида олинган. Тасвирда полиция махсус бўлинмалари тартибсизликлар пайтида жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган одамларни олиб кетади. Кадрларда хавфсизлик кучлари ўнга яқин одамни қандай олиб кетаётгани кўрсатилган, уларнинг баъзилари қўлтиқ таёқда, бошқалари ялангоёқ, баъзилари эса умуман кийимсиз. Воқеа гувоҳининг сўзларига кўра, махсус бўлинмалар касалхонада, бўлимларда одамларни калтаклаган, кийинишга қўймаган, тиббиёт ходимларини қўрқитишган.
Олмаотадаги воқеалар чоғида ўқдан жароҳат олган одамлар шаҳардаги шифохоналарга етказилди. Баъзилари интенсив терапия бўлимига ётқизилган. Аҳолининг хабар беришича, хавфсизлик кучлари уларнинг яқинларини касалхонага ётқизилганидан бир неча кун ўтиб ҳибсга олиб, олиб кетишган. Маълумки, махсус кучлар ярадорларни шаҳардаги яна бир қанча шифохоналардан олиб, тергов изоляторига етказган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқхоналарда етарли шарт-шароит йўқлигини бир неча бор таъкидлаган. Улар биринчи навбатда ярадорларни даволаш зарурлигига эътибор қаратишади.