Ссылки доступа

Қозоғистон Сенати ташқи ва ички сиёсатнинг асосий йўналишларини Назарбоев билан мувофиқлаштирмасликни таклиф қилди


Қозоғистон Сенати мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирмасликни таклиф қилди, деб хабар бермоқда «Озодлик» радиосининг қозоқ хизмати.

Аввалроқ мамлакат парламенти Назарбоевни Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишдан маҳрум қилган эди.

«Сенаторлар қонун ҳужжатларига Хавфсизлик кенгаши ва Қонунчилик палатасига давлат раҳбари раҳбарлик қилиши кераклиги ҳақидаги ўзгартишларни қўллаб-қувватладилар. Шу билан бирга, сенаторлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида яна бир тузатиш киритдилар», деди сенатор Лаззат Сулаймен.

Биринчи президент мақоми 2000 йилда қабул қилинган тегишли қонунда мустаҳкамланган. Давлат сиёсатини у билан уйғунлаштириш зарурлиги 2010 йилда киритилган ўзгартишларда мустаҳкамланган.

2021 йил апрелида Назарбоев Қозоғистон халқи ассамблеяси раиси ваколатларини мамлакатнинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга топширди. 5 январь куни Қозоғистондаги оммавий норозилик намойишлари фонида Тоқаев ўзи қонун бўйича Назарбоев бир умрга раҳбарлик қилиши керак бўлган Хавфсизлик кенгаши раислигига ўтганини эълон қилди. Шунингдек, Назарбоев билан яқин алоқада бўлган бир қанча юқори мартабали амалдорлар ўз лавозимларидан четлаштирилди. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Назарбоев ва унинг вориси ўртасида ҳокимият учун кураш борлиги ҳақидаги иддаолар пайдо бўла бошлади.

Бироқ Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибайнинг сўзларига кўра, «вазият жуда оғир эди», шунинг учун Назарбоев «ўзи Хавфсизлик кенгаши раислик лавозимини президентга топширишга қарор қилган, чунки у тартибсизлик ва террор тезкорлик талаб қилишини яхши тушунган».

Укибай, шунингдек, Назарбоев ва Тоқаев ҳар доим «баррикадаларнинг бир томонида» бўлишганини таъкидлаб, улар ўртасида гўёки бўлиниш борлиги ҳақидаги миш-мишларнинг тарқалишини сиёсий вазиятни беқарорлаштириш ва давлатнинг конституциявий асосларини бузишга уриниш деб атади.

XS
SM
MD
LG