Ссылки доступа

Туркманистонлик фаоллар Ашхободдан сиёсий маҳкумларни озод қилишни талаб қилмоқда


АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 25 январь куни туркман фаолларидан бир гуруҳи Туркманистонда сиёсий маҳкумларни озод қилиш талаби билан норозилик акцияси ўтказишди.

Бу ҳақда мухолифатдаги “Туркманистон демократик танлови” гуруҳи лидери Мират Гурбанов ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифалари орқали маълумот тарқатди, дея хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати.

Норозилик тадбири чоғида тасвирга олинган суратларда пикетчилар яқинда Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган фаол Жумасапар Дадебаев, Россиядан Туркманистонга йўлланган Азат Исақов ва қамоқдаги фаол Мансур Мингеловнинг фотосуратларини кўтариб олганларини кўриш мумкин.

Норозилик чиқиши иштирокчилари БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи олдида туркман фаолларини зудлик билан озод этишни талаб қилишган. Улар бу борада БМТга махсус мактуб йўлламоқчи эканларини ҳам билдиришган.

Фаолларга кўра, Туркманистонда дунёдаги энг репрессив ҳукуматлардан бири иқтидорда бўлиб, мамлакатда аксилҳукумат намойишлари тақиқланган, президент Гурбангули Бердимуҳамедов режимини салгина танқид қилган фуқаролар ҳам таъқиб ва тазйиққа дучор бўлади.

Туркманистон хорижида яшовчи туркманистонлик фуқаролар сўнгги пайтларда тез-тез норозилик акциялари ўтказиб туришибди. Бунга ўхшаган ўнлаб норозилик акцияси АҚШ, Европанинг қатор мамлакатлари ва Туркияда ўтказилган.

XS
SM
MD
LG