Қирғизистон – Тожикистон чегарасидаги Тўрткўча деб аталган ҳудудда икки давлат ҳарбийлари ўртасида отишма бошлангани маълум қилинди. Озодлик радиоси қирғиз хизматига бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати Боткен вилояти бошқармаси раҳбари Қиялбек Тўлўнов маълум қилди.
Тожикистоннинг Исфара шаҳри ҳокимлиги матбуот котиби Зубайдулло Шамодов Озодлик радиоси тожик хизматига Қирғизистон билан чегарада отишма бўлаётганини расман тасдиқлади. Унга кўра, отишма икки давлат чегарачилари ўртасида бўлмоқда.
Озодлик радиоси тожик хизматининг билдиришича, Чоркуҳ қишлоқ жамоатига қарашли Сомониён қишлоғи отишмалар маркази бўлиб қолётир. Мазкур қишлоқдан аҳоли эвакуация қилинаётгани тўғрисида билдирилди.
Аввалроқ қирғиз томони Тожикистон фуқаролари йўлни тўсиб қўйгани ва тожик чегарачилари ўқ ота бошлаганини билдирган эди. Зубайдулло Шамодов эса отишмани қирғиз чегарачилари бошлаганини айтмоқда.
Расман билдирилишича, айни пайтда отишмаларни тўхтатиш учун икки давлат чегара хизматлари расмийлари музокаралар ўтказаётир.
Аммо шунга қарамай, чегарадаги вазият кесин бўлиб қолмоқда. Икки давлат ўртасидаги отишма маҳаллий вақт билан соат 19:30 (Тошкент вақти билан соат 18:30) да бошланган.
Қирғизистон Чегара хизмати 27 январь соат 20:30 да Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазият кескинлашгани тўғрисида хабар берди. Билдирилишича, Тожикистон томони миномёт ва гранатомётлардан ўқ отмоқда.