Озодлик радиоси мухбири Асилхон Мамашули ва Олмаотадаги январь ойи бошидаги норозилик намойишларини ёритган видео оператор Санъат Нурбеков пайшанба куни прокуратурага чақирилган. Қарорда айтилишича, улар прокуратурага 5 январь куни содир бўлган воқеалар юзасидан чақирилган.
Асилхон Мамашулига кўра, журналистлардан тартибсизликлар бўлган кунда олинган видеоёзувлар бор-йўқлиги ҳақида сўралган. Тахминан 30 дақиқа давом этган сўроқ вақтида адвокат Айман Умарова уларнинг ёнида бўлган.
Қозоғистоннинг турли вилоятларидаги журналистлар январь воқеалари бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларига сўроққа чақирилмоқда. 12 январь куни Озодлик радиосининг Ақтўбе вилоятидаги мухбири Жанагул Журсин (Ақтўбе шаҳридаги намойишларни ёритган) вилоят полициясининг тергов бўлимига чақирилган. Журналист уч соатлик сўроққа тутилган. Унга «ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга гувоҳ» мақомида эканлиги айтилган.
7 январь куни Уралск шаҳридаги митингни ёритган журналист Луқпан Аҳмедяров «ноқонуний акцияда иштирок этиш»да айбланиб ҳибсга олинган эди. 17 январь куни у суд томонидан белгиланган 10 кунлик ҳибсга олинганидан кейин озодликка чиқарилган.
12 январь куни "Кокшетау Азия" янгиликлар сайти муҳаррири Нуржан Баймулдин ижтимоий тармоқда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга қаратилган саволларни жойлаштиргани учун 10 кунлик маъмурий жазога тортилди. 17 январь куни суд журналистни ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорни прокурор аризаси ва адвокатнинг шикояти апелляция судида кўриб чиқилгунга қадар тўхтатиб қўйди.
Мустақил журналист Махамбет Абжаннинг айтишича, у «Шахсий маълумотлар ва уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» моддаси бўйича жиноят ишида ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳдир.
Ўткир ижтимоий-сиёсий мавзуларни ёритиб, мансабдор шахсларга саволлар билан мурожаат қилган журналист «атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш» иши бўйича ҳам ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳ ҳисобланади. Журналистнинг адвокатига кўра, иш Абжаннинг Россиянинг “Дождь” телеканалига берган интервьюси билан боғлиқ бўлиб, унда у намойишлар сабаблари ва намойишчиларнинг талаблари ҳақида гапирган.
Шу ой бошида пойтахтдаги намойишларни ёритиб, икки ҳафта ғойиб бўлган журналист Махамбет Абжан 20 январь куни яна пайдо бўлди. У Озодлик билан суҳбатда шу вақтгача бошқа шаҳарда яшириниб юрганини ва жиноят ишида ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳ бўлганини айтди.
Расмий маълумотларга кўра, январь воқеалари чоғида камида 18 нафар журналист ҳибсга олинган ёки сўроққа чақирилган. Улардан 6 нафари «ноқонуний митингларда қатнашиш»да айбланиб, маъмурий қамоққа олинган. Қолган 12 нафари эса вазиятга ойдинлик киритилгач, 24 соат ичида қўйиб юборилган.
Қозоғистонда журналистлар ўз касбий бурчларини бажаришда тез-тез босимларга дуч келишади. Январь воқеаларидан кейин полиция турли вилоятларда бир неча журналистни сўроққа тутди, уларни жаримага тортди ёки ҳибсга олди.
«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти томонидан тузилган сўз эркинлиги бўйича жаҳон рейтингида Қозоғистон 180 давлат орасида 155-ўринни эгаллаб, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият энг оғир бўлган давлатлар қаторидан жой олди.