Ссылки доступа

Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги можаро ҳудудидан 11 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди


Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлган Боткен вилоятида 11 минг 52 фуқаро эвакуация қилинди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 10 410 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудларга, 642 нафар фуқаро вақтинчалик марказларга кўчирилган.

Қайд этилишича, Боткен вилоятининг Ўртобоз, Жака-Ўрук, Уч-Добо, Оқ-Татир, Самаркандык, Оқ-Сай ва Тош-Тумшуқ қишлоқларидан 6 мингга яқин аҳоли Равот қишлоғига вақтинча кўчирилган.

Самаркандык ва Оқтотир қишлоқларининг яна мингга яқин аҳолиси Лайлак ва Қора-сув туманлари ҳамда Оқ-Терек қишлоғидаги уйларга жойлаштирилган.

Лайлак туманининг Мақсат қишлоғидан 400 нафар аҳоли Марғун қишлоғига, мингга яқин аҳоли Интернационал қишлоғидан Қайроғоч қишлоғига кўчирилди. Шунингдек, Мурза-Пача, Сада, Оқ-Ариқ ва Раззоқов қишлоқларидан маҳаллий аҳоли Исфана ва Сулуктага эвакуация қилинган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эвакуация қилинган фуқаролар шифокорлар назоратида ва барча зарур нарсалар билан таъминланганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Боткен вилоятининг чегарадаги отишма туфайли электр таъминотисиз қолган бир қатор қишлоқларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Электр таъминоти яқин вақт ичида тикланади, дея хабар қилди Қирғизистон Энергетика вазирлиги.

Тўқнашувлар давомида Боткен вилоятининг Оқ-Сай, Кўк-Тош, Орто-Бўз, Жани-Бак, Тош-Тумшуқ ва Кўк-Терек қишлоқларида электр узатиш линиялари шикастланган. Энергетика вазирлиги чегарадаги вазият туфайли реставрация ишларини олиб боришнинг иложи йўқлигини маълум қилди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 27 январь куни кечқурун вазият кескинлашган. Икки давлат чегара идоралари бир-бирини можарони бошлаганликда айбламоқда.

Қирғизистон чегара хизматининг маълум қилишича, соат 17:30-18:00 атрофида тожик чегарачилари Боткен вилоятининг Торт-Кочо ҳудудидаги Боткен-Исфана йўлининг бир қисмини бир томонлама тўсиб қўйган. Чегара хизматига кўра, музокаралардан сўнг соат 19:30да йўл ҳаракатланиш учун очилган, бироқ соат 19:35 да тожик томони қурол ишлатгани сабабли вазият янада оғирлашган.

Тожикистон томонига кўра, можаро Қирғизистоннинг Оқ-Сай қишлоғининг 50 га яқин аҳолиси Тожикистон ҳудуди орқали қум олиб ўтаётган Тожикистон фуқаросининг юк машинасини мажбуран тўхтатганидан бошланган. Қирғизистон томони маҳаллий ҳокимият вакилларининг режалаштирилган учрашувига келмади. Соат 18:10 атрофида, Тожикистон чегара қўшинлари маълумотларига кўра, қирғиз чегарачилари биринчи бўлиб ўт очган.

28 январга ўтар кечаси Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбарлари Абдикарим Алимбаев ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарлари Ражаббой Аҳмадзода ўртасидаги музокара якунларига кўра томонлар чегарада тўлиқ ўт очишни тўхтатишга келишиб олди.

28 январь куни эрталаб Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қирғиз томондан 11 кишининг жароҳатлангани ҳақида маълум қилди. Уларнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, ярадорларнинг барчаси ҳарбийлар орасидан.

Тожикистонда икки нафар — Хўжай Аъло қишлоғида яшовчи Обиджон Тўйчиев ва Исфара шаҳридаги тез ёрдам ҳайдовчиси Абдулатиф Шарипов ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, 10 киши турли тан жароҳатлари олган. Улардан 6 нафари ҳарбий, 4 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

XS
SM
MD
LG