Ссылки доступа

Германия ТИВ: “Шимолий оқим-2” янги санкциялар туркумига киритилиши мумкин


Россия Украина ҳудудига бостириб кирган тақдирда Европа иттифоқи унга қарши қўллайдиган санкциялар туркуми “Шимоли оқим-2” қувурига нисбатан ҳам татбиқ этилиши мумкин. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 27 январь куни Бундестагдаги нутқи чоғида билдирди.

Вазир бунга оид бошқа тафсилотларни келтирмаган. Германия ҳукумати, Россия Украина атрофидаги вазиятни кескинлаштирган тақдирда унга нисбатан санкцияларни кучайтиришни ёқлар экан, ушбу санкциялар “Шимолий оқим-2” газ қувурига ҳам дахл қилиш-қилмаслиги хусусида ҳануз аниқ бир гап айтмаётган эди.

АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс бир неча кун олдин Россия Украинага ҳужум қилган тақдирда газ қувурида оқим тўхтатилишини айтган. Бу ерда гап санкциялар ҳақида боряптими ёки Германиянинг лойиҳадан воз кечиши ҳақидами – очиқланган эмас.

АҚШ газ қувуридан фойдаланишга қарши, бироқ Жо Байден маъмурияти айни пайтда Германия билан алоқаларни мураккаблаштирмаслик учун санкциялар қўллашга қарши чиқмоқда. Бироқ Россия тажовузи рўй бергудек бўлса, вазият ўзгариши мумкин.

Болтиқ денгизи туби орқали ўтган “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилиши тугалланган, бироқ ҳали ишга тушган эмас, чунки Германия ҳукумати унга сертификат берганича йўқ.

XS
SM
MD
LG