Ссылки доступа

Қирғизистон ва Тожикистон МХҚ раҳбарлари музокаралар натижалари бўйича баёнот беришди


Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида жойлашган Боткен вилоятида икки давлат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раислари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Улар қирғиз-тожик чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия раисларидир. Музокаралар мавзуси 27 январь куни чегарадаги тўқнашувлар бўлди.

Ятимов учрашувдан сўнг чегара масалалари бўйича «якуний қарор» қабул қилиш зарурлигини маълум қилди. «Чегарада қурбонлар ва ярадорлар бор. Бу икки давлат ўртасидаги чегара муаммолари ҳал этилмагани натижасидир. Асосий сабабларни бартараф этиш ва якуний қарор қабул қилиш зарур бўлган масалаларнинг моҳиятидан келиб чиқиш керак. Моҳияти ҳақида гапирганда, биз раҳбарлик қилишимиз керак бўлган ҳуқуқий ҳужжатларни назарда тутамиз», — деди у.

Ташиев, ўз навбатида, томонларнинг чегара бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини тиклаш нияти борлигини маълум қилди. Учрашув натижасида ҳеч қандай ҳужжат имзоланмади, деди у.

«Энг муҳими, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу комиссиянинг иши икки ой олдин тўхтатилган эди. Энди комиссия иши жадал ва доимий равишда олиб борилишига қарор қилдик. Табиийки, давлатларимизнинг протоколлари ва манфаатларидан келиб чиққан ҳолда. Шу боис, бугун ҳеч қандай ҳужжат имзоламаган бўлсак ҳам, режаларимиз амалга ошишига ишонаман», — деди Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

27 январь куни қирғиз-тожик чегарасида қурол қўллаш билан боғлиқ яна бир ҳодиса юз берди. Қирғизистон ва Тожикистон чегара идоралари бир-бирини можарони бошлаганликда айбламоқда. Қирғизистон томонидаги тўқнашув натижасида 13 киши жароҳат олган, Тожикистон томондан икки киши ҳалок бўлган, 10 киши жароҳатланган.

XS
SM
MD
LG