Ссылки доступа

Туркманистонда оқсоқоллар ёшларни аксилҳукумат постларни ўқимасликка чақирмоқда


Туркманистоннинг Мари вилоятида ёшлар билан ишлашга расмийлар томонидан оқсоқоллар жалб қилинган. Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, бу ерда оқсоқоллар ёшларни интернетдаги аксилҳукумат чиқишларини кузатиб бораётган тенгдошлари устидан чақимчилик қилишга ундашяпти.

Маридаги юқори синф ўқувчилари ва талабалар Озодликка мактаблар, ўрта ва олий таълим масканларида оқсоқоллар ва муллаларнинг ёшлар билан ўтказаётган йиғилишлари ҳақида сўзлаб берганлар.

Ўқувчилардан бирига кўра, оқсоқоллар ёшлар билан суҳбат чоғида интернетда президент Г. Бердимуҳаммедовни ёмонлаётган одамлар борлигини айтиб, туркман халқининг битта оила экани, интернетда чиқиши қилаётганлар эса халқни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётганини иддао қилишган.

“Интернетда мамлакатимизда қон тўкилишига ҳаракат қилаётган одамлар пайдо бўлиб, чиқиш қилишяпти. Агар тенгдошларингиз орасида интернетга кириб, у ердаги гапларни тинглаётган ва муҳокама қилаётганлар бўлса, агар сиз ўзингизни ватанпарвар деб ҳисобласангиз, секингина келиб, бу ҳақда синф раҳбарингизни огоҳлантириб қўйишингиз керак”, дея иқтибос келтирган юқори синф ўқувчиси мажлисда гапирган оқсоқоллардан бирининг сўзларидан.

Озодликнинг туркман хизмати бу борада шаҳар маъмурият ва таълим вазирлигидан изоҳ олишга уринган, бироқ бунга муваффақ бўлолган эмас.

Аввалроқ Озодлик Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари Ашхободдаги ОТМлар талабаларини тақиқланган сайтларга (улар орасида Озодликнинг туркман хизмати сайти ҳам бор) кирган тақдирда, ўқишдан ҳайдалиши ҳақида огоҳлантириб, талабаларни чақимчилик қилишга ундашгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG