Ссылки доступа

Алоқа хизмати ТБАВда интернетнинг узилишини «хавфсизликни таъминлаш» билан изоҳлади


Илхомджон Атоев, зампредседателя Службы связи при правительстве Таджикистана

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизмати вакили Тоғли Бадахшон автоном вилоятида интернетга киришни чеклаш ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади.

Фуқаролар, жамият, давлат ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоятда техник чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, деди 31 январь куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Республика Алоқа хизмати раҳбари ўринбосари Илҳомжон Атоев.

Тожикистон хавфсизлик кучларининг махсус операцияси чоғида Роштқалъа вилоятида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилиши ортидан Хоруғдаги ноябрь ойида бошланган норозилик намойишлари бошидан ТБАВда интернетга кириш узилиб қолган. Ҳудудда содир бўлган воқеалардан икки ой ўтган бўлса ҳам, интернет алоқаси ҳали тиклангани йўқ.

ТБАВда интернетнинг узилиши Алоқа хизмати вакиллари билан ОАВ вакиллари ўртасида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Алоқа хизмати раҳбари ўринбосари Илҳомжон Атоев журналистларнинг интернет ёпилиши сабаблари ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, умумий сўзлар билан чекланди. Унинг сўзларига кўра, қонунга кўра, ҳокимият «мамлакатда ахборот хавфсизлигини таъминлаши керак».

Икки ойдан ортиқ вақт давомида ТБАВ аҳолиси интернетдан фойдаланиш имкониятидан маҳрум. ТБАВ фуқаролик фаолларининг талаблари, аҳолининг шикоятлари эътиборсиз қолмоқда.

Фуқаролар бирдамлиги платформаси (ФБП) 28 январь куни ТБАВда интернетга кириш чеклангани ва аҳолининг ахборот олиш ҳуқуқи бузилганидан хавотир билдирди.

Бутун дунёдан 39 та ноҳукумат ташкилот вакиллари Тожикистон ҳукуматига ТБАВда интернетга киришни тиклаш чақириғи билан мурожаат қилиб, ўз имзоларини қўйишди.

Фуқаролик фаолларининг қайд этишича, интернетни тўсиб қўйиш «иқтисод, савдо, мобиллик, соғлиқни сақлаш ва таълим олида жиддий салбий оқибатларга олиб келади».

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2016 йил 27 июндаги резолюциясига мувофиқ, Интернетга кириш асосий инсон ҳуқуқлари билан тенглаштирилган. Ҳужжат маслаҳат характерига эга ва шу билан бирга, расмийларга интернетга киришни чеклашни тақиқлайди.

XS
SM
MD
LG