Ссылки доступа

Президент Мирзиёев 63 нафар маҳкумни афв этди


Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 63 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ўзбекистон давлат хабар агентлиги - UzA нинг иқтибос келтиришича, Президент фармонига мувофиқ, "ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган" жазо муддатини ўтаётган 63 нафар фуқаро озодликка чиқарилади.

Расмий хабарда айтилишича, афв этилган шахсларнинг 44 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади. Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 2 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар ташкил этиши айтилган.

Бундан аввалги афв ўтган йил августида эълон қилинган, ўшанда 215 нафар маҳкум "муддатидан аввал" жазодан озод этилганди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида имзоланган ҳужжат билан афв этилганлар орасида 15 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахслар борлиги маълум қилинган.

Охирги афв билан жазодан озод этилаётганлар орасида бу тоифа маҳкумлар бор бор-йўқлиги маълум эмас. Ҳуқуқ фаолларига кўра, "қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган" ибораси кўпинча диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳкумларга нисбатан ишлатилади.

Ўтган йил октябрида Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси Ўзбекистон қамоқхоналарида диний мотивларда айланиб сақланаётган 2 мингдан ортиқ маҳкумни аниқланганини билдирган.

Ҳисоботда улардан 81 нафарининг шахси тасдиқлангани айтилганди.

World Prison Brief лойиҳасининг сўнги ҳисоботида Ўзбекистон қамоқхоналардаги маҳкумлар сони бўйича дунё мамлакатлари рейтингида 62-ўринни эгаллаган.

Дунёнинг 223 та мамлакатидаги маҳкумлар сонига доир маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳозирда 22 867 киши қамоқда сақланмоқда.

XS
SM
MD
LG