Ссылки доступа

Қирғизистонда Тожикистон билан чегарадаги можародан кўрилган зарар 3 миллион сомга баҳоланмоқда


Боткен вилояти чегарасидаги қуролли можародан етказилган моддий зарар 3 миллион сом (35 минг доллардан ортиқ)га баҳоланмоқда. Бу ҳақда Озодликка Боткен вилояти ҳокими Учқунбек Жўробоев маълум қилди.

Тўқнашув чоғида иккита шийпон ёниб кетган, бир нечта уй ва иккита машина зарар кўрган. Шунингдек, чорва молларининг нобуд бўлгани қайд этилган.

Айни пайтда эвакуация қилинган фуқароларнинг аксарияти уйларига қайтган. Озодлик мухбирининг хабар беришича, Тош-Тумшук ва Кўк-Тош қишлоқларининг айрим аҳолиси ҳали уйларига қайтмаган, болали аёллар ҳамон қўшни қишлоқлардаги қариндошлариникида. Эвакуация қилинганлар орасида касалхонага ётқизилган беморлар ҳам бор.

Боткен вилоятида можародан кейин ёпилган Оқ-Тотир, Самарқанды, Кўк-Тош, Оқ-Сай, Орто-Бўз, Паски-Ариқ ва Тош-Тумшук қишлоқларида мактаб ва болалар боғчалари иши қайта тикланди.

Боткен вилояти ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, мактаб ўқувчилари хавфсизлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича инспекторлар томонидан назоратга олинган. Ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш мақсадида маҳаллий аҳоли билан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги 31 январь эрталабки ҳолатига кўра, Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг Боткен вилоятидаги участкасида вазият барқарор, полиция кучайтирилган режимда хизмат қилишда давом этаётгани ҳақида хабар берган эди.

27 январь куни қирғиз-тожик чегарасида яна қурол ишлатиш билан боғлиқ можаро келиб чиқди. Қирғизистон ва Тожикистон чегара идоралари бир-бирини можарони бошлаганликда айбламоқда.

Қирғизистон томонидаги тўқнашув натижасида 13 киши, Тожикистон томондан икки киши ҳалок бўлган, яна 10 киши жароҳатланган.

28 январга ўтар кечаси музокаралар натижасида томонлар чегарада тўлиқ ўт очишни тўхтатишга келишиб олди. 29 январь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Тожикистон билан чегара чизиғидан уларнинг доимий жойлашиш пунктларига қўшимча куч ва воситаларни олиб чиқишни якунлаганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG