Ссылки доступа

Лондондаги Қозоғистон элчихонаси олдида январь воқеаларини очиқ тергов қилиш учун пикет бўлиб ўтди


Якшанба куни Лондонда бир гуруҳ фаоллар Қозоғистон элчихонаси олдида пикет ўтказиб, Қозоғистон ҳукуматидан январь ойидаги намойишлар иштирокчиларига нисбатан репрессияни тўхтатишни талаб қилди.

Намойишчилар баннерлар билан Трафалгар майдонидан элчихона биносигача юришди. Намойишчилар элчихона биноси олдида баннерлар ва Қозоғистон байроғи билан бир соатча туришди. Буюк Британия пойтахтидаги Қозоғистон элчихонаси яқинидаги митинг Буюк Британия парламентида 3 февралга режалаштирилган «Коррупцияга қарши санкциялар ва Қозоғистон» мавзусидаги муҳокамалар арафасида бўлиб ўтди.

Баннерлардаги ёзувларда мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаб қилинган.

«Биз аввалги ҳаракатимизни такрорладик, бундан мақсад Буюк Британия жамоатчилиги ва Қозоғистон расмийларининг эътиборини Қозоғистондаги вазиятга қаратишни давом эттириш эди. Яъни, қатағон ва қийноқлар кўринишидаги инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, сиёсий ислоҳотларнинг йўқлиги ва январь фожиасини очиқ тергов қилиш зарурати», деди Озодлик билан суҳбатда намойишчилар бир.

Январь воқеаларини чуқур ўрганиш ва Қозоғистонда намойишчиларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирувчи худди шундай пикет 28 январь куни Германия пойтахтида бўлиб ўтди. Қозоқ диаспораси вакиллари январь воқеалари қурбонлари суратлари билан чиқишди. Улар Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, Қозоғистонда тергов ўтказиш, репрессия ва қийноқларни тўхтатишда ёрдам сўрашган.

Олмаотадаги қонли январь воқеалари олдидан ҳам “Оян, Қазақстан” («Уйғон, Қозоғистон») ҳаракати аъзолари Олмаотадаги «Мустақиллик тонги» монументи олдида бадиий чиқиш қилди. Акция Олмаотадаги 1986 йил декабрь воқеалари ва 2011 йил Жанаўзен воқеалари қурбонларини хотирлаш кунига бағишланди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев шанба куни намойишлар бошланганидан буён ўзининг телевидениега берган илк интервьюсида камида 227 киши, жумладан 19 хавфсизлик ходими ҳалок бўлган январь воқеалари бўйича халқаро тергов ўтказиш талабларини рад этди. У ўзининг «террорчилар»нинг хорижий давлатлар билан алоқаси борлиги ҳақидаги тезисларини яна бир бор таъкидлаб, террорчиларнинг иштироки ҳақида тўғридан-тўғри далиллар келтирмаган ва Қозоғистон жангарилар томонидан ҳужумга учрагани ҳамда давлат воқеалар бўйича ўз текширувини ўтказиш имкониятига эга эканлигини таъкидлаган.

20 январь куни Европа парламенти мамлакатнинг яқин тарихида мисли кўрилмаган зўравонликлар авж олган пайтда «Қозоғистон халқига қарши содир этилган жиноятларни тегишли халқаро тергов қилишни» талаб қилувчи резолюцияни кўпчилик овоз билан қабул қилди. Европалик депутатлар, шунингдек, январь воқеалари чоғида инсон ҳуқуқлари бузилишида айбдор бўлган қозоғистонлик амалдорларга нисбатан санкциялар қўллаш тарафдори бўлган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Европарламент томонидан қабул қилинган резолюция «нохолис хулосалар ва маълумотларга асосланган»лигини айтди. Президент Тоқаев резолюцияни «нохолис, муддатидан олдин» деб атади ва бу борада «хотиржам» эканини қўшимча қилди.

Январь ойи бошида Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳрида бўлиб ўтган норозилик намойишлари суюлтирилган газ нархининг кескин кўтарилиши туфайли тезда бутун Қозоғистон бўйлаб тарқалди. Кўпчилик намойишчиларнинг норозилиги Қозоғистонни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоевга қаратилган эди.

Назарбоевнинг ёрдамчиси Тоқаев намойишлардан сўнг Олмаота «20 минг террорчи» томонидан ҳужумга учраганини айтди ва огоҳлантирмасдан ўлдиришни буюрди. Шунингдек, у Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти қўшинларини ёрдамга чақирди. КХШТ бўлинмалари мамлакатга 6 январдан кела бошлади. Қўшинларни олиб чиқиш деярли икки ҳафта ўтиб, вазият барқарорлашганидан кейин якунланди.

XS
SM
MD
LG