Ссылки доступа

Москвада 15 нафар тожикистонлик муҳожир оммавий муштлашувдан сўнг қўлга олинди


Архивное фото
Архивное фото

Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 15 нафар Тожикистон фуқаросини оммавий жанжалда иштирок этганликда гумон қилиб қўлга олди.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси 31 январь куни етти нафар муҳожирга нисбатан маъмурий иш қўзғатилгани ва улар Россиядан депортация қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Тожикистоннинг яна бир фуқароси безориликда гумон қилинмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Илгари тожикистонлик муҳожирларнинг бир қисми Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари муҳожирларни атайлаб гуруҳларга бўлиб ушлаб, тафтиш ўтказаётганидан шикоят қилган эди.

Бироқ бу сафар Россия расмийлари тожикистонлик муҳожирлар 29 январга ўтар кечаси Москва жанубидаги Востряковский ўтиш жойида содир бўлган гуруҳ муштлашувидан сўнг қўлга олинганини даъво қилмоқда. «Полиция етиб келган вақтда муштлашувда 15 киши иштирок этган. Айни пайтда қурол қўллаш билан безорилик факти бўйича жиноий иш қўзғатилди», — дея хабар беради Москва полиция бошқармасидаги манба. Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳам жанжал «шахсий адоват» асосида келиб чиққани, сўнгра гуруҳ муштлашувига айланганига эътибор қаратди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартиботни бузганликда гумонланиб, жами 66 нафар чет эл фуқароси қўлга олинган. Тожикистон элчихонаси ҳибсга олинган 15 нафар Тожикистон фуқароси ҳақида хабар берган бўлсада, қолганлари кимлар ва улар нима учун ҳибсга олингани аниқ эмас.

Айни вақтда, 31 январга ўтар кечаси Тожикистон элчихонаси Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларини «тергов жараёнида Тожикистон фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашга» чақирган. «Агар керак бўлса, элчихона консуллик хизмати ходимлари Тожикистон фуқароларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга тайёр», — дейилади элчихона хабарида.

Шу билан бирга, Тожикистон миссияси ўз мамлакати фуқароларини «ҳар қандай провокацион ҳаракатлардан» сақланишга ва истиқомат қилаётган мамлакатда бўлиш қоидаларига риоя қилишга чақирган. Ўтган даврда Россия юз минглаб тожик муҳожирларини ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар ва Россияда қолиш қоидалари бузилгани учун мамлакатга қайта киришини тақиқлаб, депортация қилган ва мамлакатдан чиқариб юборган. Улар орасида Россиядан ҳеч қандай сабабсиз жамоавий равишда чиқариб юборилганини айтадиган муҳожирлар ҳам бор.

XS
SM
MD
LG