Ссылки доступа

Толибон яна Душанбе ва Бишкекни «муаммоларини мулоқот орқали ҳал қилишга» чақирди


Здание МИД Афганистана. Архивное фото
Здание МИД Афганистана. Архивное фото

«Толибон» ҳаракати Ташқи ишлар вазирлиги тожик-қирғиз можаросида қурбон бўлганлар учун «таассуф» билдирди ва томонларни «муаммоларини мулоқот орқали ҳал қилишга» чақирди.

31 январь куни «Толибон»нинг расмий сайтида эълон қилинган вазирлик баёнотида шундай дейилади: «Афғонистон Ислом Амирлиги минтақадаги барча давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар тинч-тотув яшаш, барқарорлик ва барча соҳаларда иқтисодий фаровонликка асосланган, деб ҳисоблайди. Биз ҳар икки давлатни музокаралар йўли билан кейинги муаммоларни ўз ичига олган ечим топишга чақирамиз».

27 январь куни тожик-қирғиз чегарасида навбатдаги қуролли тўқнашув содир бўлиб, унинг давомида қирғиз томондан 13 киши жароҳатланган, тожик томондан икки киши ҳалок бўлган, яна 10 киши яраланган. Қуролли қарама-қаршилик фақат 28 январь куни якунига етди ва томонлар музокара столига ўтиришди. Тўқнашувлар икки давлат чегара идоралари бир-бирини йўлларни ноқонуний тўсиб қўйганликда айблаганидан кейин бошланган.

Бу ўз давлатида қонли тўқнашувлар олиб бораётган Толибон ҳаракатининг Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги кескинлик ҳақидаги иккинчи баёнотидир.

Толибон ўзининг илк баёнотини ўтган йилнинг июнь ойида, толибларнинг ўзлари афғон ҳукумат кучлари билан шиддатли жанглар олиб бораётган пайтда берган эди. Шундан сўнг Толибон Тожикистон ва Қирғизистонни «муаммоларини мулоқот ва ҳар икки давлатга фойда келтирадиган мантиқий ечим излаш орқали ҳал қилишга» чақирди.

Ўтган йилнинг 28 ва 29 апрель кунлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувлар чоғида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган эди. Бундай можароларга икки давлат чегарасининг белгиланмаганлиги сабаб бўлмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистонда «Толибон» ҳаракати террорчи ташкилот деб эълон қилинган ва унинг ҳар икки давлат ҳудудида фаолияти тақиқланган. Ҳар икки давлат Толибон ҳукумати билан дипломатик алоқаларга эга эмас.

XS
SM
MD
LG