Ссылки доступа

Душанбе ва Бишкек Ўш-Боткен-Исфана йўлининг 275 метрлик қисми юзасидан баҳслашмоқда


Председатель Согдийской области Раджаббой Ахмадзода и глава Баткенской области Абдикарим Алимбаев
Председатель Согдийской области Раджаббой Ахмадзода и глава Баткенской области Абдикарим Алимбаев

Тожикистон-Қирғизистон чегарасида икки кишининг ўлими ва 20 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган можародан сўнг томонлар ўртасида Исфара дарёсининг икки қирғоғини боғловчи 275 метрлик йўл бўйича келишмовчилик юзага келди.

«275 метрли участка» ёки “Кочо торт» Ўш-Боткен-Исфана автомобиль йўлида жойлашган бўлиб, Қирғизистон йўли Тожикистон ҳудудидан ўтади деб ҳисобланади. Йўлнинг ушбу қисмида тожикларнинг Хўжаи Аъло ва Сомониён аҳоли пунктлари, шунингдек, Қирғизистоннинг Кўк-Тош ва Ўртабўз қишлоқлари жойлашган.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбари Ражаббой Аҳмадзода 31 январь куни эълон қилган баёнотида йўлнинг бу қисми асли Тожикистон ҳудуди эканлигини ва қўшниларнинг унинг бу қисмини баҳсли деб ҳисоблашга қонуний асослари йўқлигини таъкидлади.

«Биз Қирғизистон учун ушбу участка орқали Лайлак тумани билан транспорт алоқалари муҳимлигини тушунамиз ва қўшниларимиз учун тўсиқ яратиш ниятимиз йўқ», — деди Аҳмадзода.

Бир кун аввал Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбари Абдикарим Алимбаев Спутник Қирғизистон агентлигига берган интервьюсида йўлнинг бу қисми ҳали тасвирланмаганини маълум қилганди.

«Бу ҳудуд ҳозир ҳеч кимга тегишли эмас. Ундан Қирғизистон фуқаролари ҳам, Тожикистон фуқаролари ҳам фойдаланадилар. Тожикистон томони Торт-Кочо ҳудуди Тожикистон Республикаси ҳудуди деб ҳисобланишини истайди, бироқ бу ноқонунийдир», — деди у.

Сўғд вилояти раҳбари қирғизистонлик ҳамкасбининг фикрига мутлақо қўшилмайди. «Бу ер участкаси 1924-1929 йиллардаги ҳужжатлар ва 1989 йилдаги паритет комиссияси материалларига мувофиқ Тожикистон Республикасининг баҳссиз ҳудуди ҳисобланади. Йўл ва кўприкнинг ушбу қисми қирғиз томонининг илтимосига кўра Қирғизистонга номинал тўлов эвазига 49 йилга ижарага берилди», — дейилади Ражаббой Аҳмадзода баёнотида.

Аввалроқ Қирғизистон Республикаси раҳбари Садир Жапаров “Вечерний Бишкек» газетасига берган интервьюсида Қирғизистон ушбу ерларни 49 йилга ижарага олган протоколни тан олмаслигини айтган эди. «Агар биз ушбу протоколга рози бўлсак, Лайлак вилояти бутунлай анклавга айланади», — деди Жапаров.

Боткен вилояти раҳбари Алимбоевнинг айтишича, чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия бу масалани ҳал қилиш устида ишламоқда. Бироқ Ражаббой Аҳмадзода «Ушбу ҳудуд мақоми Давлат чегарасини демаркация ва делимитация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия доирасидаги музокаралар предмети бўлиши мумкин эмас», деди.

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Бишкек Лайлак тумани Тожикистон ҳудудидаги анклавга айланиб бораётганидан жиддий хавотирда. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиейвнинг айтишича, Лайлак ҳеч қачон анклавга айланмайди.

Қирғизистон Республикаси парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси раҳбари Жанарбек Акаев ҳам шундай фикрда.

«Сўнгги пайтларда Боткендаги чегара можароси муҳокама қилиниб, Ворухга йўлак ташкил этилишидан хавотир билдирилмоқда. Ворухга йўлак бўлмайди, Лайлак анклавга айланмайди», деб ҳисоблайди қирғиз сиёсатчиси.

Айни пайтда Қирғизистон ҳукумати Ворух Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги анклав эканлигини таъкидламоқда. Бу Бишкекка Исфара ва Ворух ўртасидаги йўлни назорат қилиш ва керак бўлса, уни тўсиб қўйиш имконини беради.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 970 километр бўлиб, шундан атиги 519 километри аниқланган. Номаълум ҳудудлар отишма ва можароларни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатда кўпинча ўқотар қуроллар қўлланилади, бу эса одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади.

XS
SM
MD
LG