Ссылки доступа

Қозоғистон парламенти сиёсатни Назарбоев билан келишиш шартлиги тўғрисидаги меъёрни бекор қилди


Қозоғистон парламенти қўйи палатаси - Мажлис 2 февраль куни ташқи ва ички сиёсатни собиқ президент Нурсултон Назарбоев билан келишиш шартлиги тўғрисидаги қонун меъёрларини бекор қилди. Бу борадаги таклифни Мажлисга ўтган ҳафтада Сенат киритган эди.

Мажлис ва Сенат собиқ президент Нурсултон Назарбоев умрбод Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқлари ассамблеяси раиси лавозимини сақлаб қолиши тўғрисидаги қонун моддаларини ҳам бекор қилди.

Мамлакатни 30 йил бошқарган 81 ёшли Назарбоев 2019 йилнинг мартида президентлик ваколатини ўз ихтиёри билан Қасим-Жомарт Тоқаевга топширган эди. Бироқ у Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқлари ассамблеяси раиси лавозимларини ўзида сақлаб қолганди.

Қозоғистонда 2 январь куни газ нархининиг қимматлаши оқибатида бошланган оммавий норозилик намойишларининг асосий талаби ҳам Назарбоевни сиёсатдан узоқлаштириш бўлган эди. Норозилар “Чол, кет!” деган шиорларни ҳайқирган.

Назарбоев 18 январь куни қилган видеомурожаатида ўзида мавжуд барча ваколатларни Қасим-Жомарт Тоқаевга топширишини билдирган ва январь воқеалари Қозоғистон элитаси ўртасидаги зиддиятлар оқибатида келиб чиққани тўғрисидаги таҳлилларни рад этган.

XS
SM
MD
LG