2 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мамлакат бош прокурори Юсуф Раҳмон қирғиз чегарачилари ва Қирғизистоннинг алоҳида фуқароларини «ўзига хос жиноят» содир этишда айблади. Шу билан бирга, у жиноят иши, қанча шахс ва қайси модда билан айблангани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади.
«Қирғизистон билан чегарадаги можаро бўйича ўтган йилнинг апрель ойида ҳам жиноий иш қўзғатилган, айбдорларнинг бир қисми аниқланиб, қўлга олинган», — деди Тожикистон Бош прокурори.
Айни пайтда Қирғизистон томони можарода Тожикистонни айбламоқда.
27 январдан 28 январга ўтар кечаси Тожикистон-Қирғизистон чегарасида навбатдаги қуролли тўқнашув содир бўлиб, тожик томондан икки киши ҳалок бўлган, яна 10 киши яраланган. Тўқнашувлар икки давлат чегара идоралари бир-бирини йўлларни ноқонуний тўсиб қўйганликда айблаганидан кейин бошланган. Томонлар музокаралар столига ўтиргандан сўнг, чегара чизиғига жалб қилинган барча қўшинларни олиб чиқиб кетиш ва биргаликда чегара патрулларини ташкил этишга келишиб олдилар.
Қон тўкилишига олиб келган можароларга Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг томонлар белгиламаган 400 километрдан ортиқ қисми сабаб бўлган. Ўтган ўттиз йил давомида томонлар бу борада бир тўхтамга кела олмади. Можаролар замирида ер, йўллар, сув ва табиий ресурслар бўйича баҳслар ётади.