Аввалги йилларда Қирғизистонда 2000 га яқин тожикистонлик талаба таҳсил олган, бироқ Қирғизистон томони Тожикистон билан чегарани бир томонлама ёпгач, талабаларнинг Қирғизистонда таълим олишида муаммолар туғилди.
Маҳмадюсуф Имомзода 3 февраль куни ўтказган матбуот анжуманида Қирғизистонда таҳсил олган барча тожикистонлик талабалар ҳужжат топширгандан сўнг мамлакат олий ўқув юртларига қабул қилинганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бу талабаларнинг бир қисми Қирғизистон томонининг тўсиқлари туфайли тегишли ҳужжатларни топшира олмаганига қарамай, Тожикистон олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш ҳақидаги илтимослари қаноатлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, «Қирғизистон олий ўқув юртлари тожик талабаларининг ҳужжатларини қайтариш жараёнини сунъий равишда кечиктириш, тожикистонлик талабаларнинг таълим ташкилотларига ўтказиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича аризасига тўсқинлик қилиш амалиётини давом эттирмоқда».
Таълим вазири матбуот анжумани чоғида тожикистонлик талабалар ва уларнинг ота-оналарини Қирғизистонга саёҳат қилишдан тийилишга бир неча бор чақирган.
«Илтимос, ҳозирча борманг. Қирғизистондаги фуқароларимизнинг хавфсизлиги таъминланмаган. Улар ҳозир турли баҳоналар билан босим остида. Норин шаҳридаги Марказий Осиё университетида таҳсил олаётган талабаларимиздан бири қўлга олинганини матбуотдан билдик. Нохуш ҳолатга тушиб қолмаслик учун бу давлатга бормасликни чин дилдан сўрайман», — деди Имомзода.
Қирғизистонда тожик талабалари учун таълим билан боғлиқ муаммолар ўтган йилнинг май ойида бошланган эди. 2021 йил апрель ойи охирида содир бўлган чегара можаросидан кейин Қирғизистон Тожикистон фуқаролари учун чегараларини ёпди.
Қирғизистон томони Тожикистон расмийларининг баёнотларига ҳозирча изоҳ бермади. Аввалроқ Қирғизистон расмийлари чегаралар ёпиқ бўлишига қарамай, ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб тожикистонлик талабаларга ушбу мамлакат таълим муассасаларида ўқиш учун Қирғизистонга киришига рухсат берилгани ҳақида хабар берган эди.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир йил ичида кескин ёмонлашган. Ўтган йилнинг апрель ойида Тожикистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда ўнлаб одамлар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган, ўнлаб уйлар ва бошқа объектлар зарар кўрган эди.