Ссылки доступа

Ўзбек ипагининг тўртдан уч қисми Хитой ва минтақадаги қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда


Ўзбекистон ўтган йили 18 та хорижий давлатга ипак ҳамда ипак маҳсулотларини экспорт қилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021 хорижий ўлкаларга сотилган ипакнинг умумий қиймати 87,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, бу 2020 йилда экспорт қилинган ипак қийматидан 12,4 миллион долларга кўпдир.

Расмий қайдларга мувофиқ, ўзбек ипагини сотиб олишда Хитой пешқадамлик қилмоқда. Бу мамлакат Ўзбекистондан ўтган йили 38 миллион долларлик ипак (экспортга кетган маҳсулотнинг 43 фоизи) сотиб олган. Ипак импортёрлари орасида Қирғизистон иккинчи (16,2 миллион доллар ёки экспорт қилинган ипакнинг 18,5 фоизи), Тожикистон эса учинчи (12,6 миллион доллар ёки экспорт қилинган ипакнинг қарийб 14,5 фоизи) ўринни эгаллаган.

Ўзбекистондан ипак сотиб олаётган мамлакат орасида Вьетнам ($8,7 млн), Эрон ($6,7 млн), Бирлашган Араб Амирликлари ($1,8 млн), Ҳиндистон ($1,7 млн), Жанубий Корея ($897 минг), Афғонистон ($340 минг), Туркманистон ($265 минг), Туркия ($131 минг), Покистон ($66 минг), Қозоғистон ($20 минг), Россия ($17 минг), Франция ($4,2 минг) ва бошқа давлатлар бор.

XS
SM
MD
LG