Ссылки доступа

Россиянинг 5 та университети Қозоғистонда ўз филиалларини очиш ниятида


Қозоғистон Таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва фан сифатини таъминлаш қўмитаси раиси Гулзат Кобенова 2 февраль куни бўлиб ўтган брифингда яқин бир неча йил ичида Қозоғистонда Россиянинг бешта университети филиалларини очиш режаларини тасдиқлади.

«Ҳозир Россия томони билан келишилган ҳолда иш олиб борилмоқда. Ва қарор қабул қилингандан сўнг, албатта, у жорий этилади. Аммо 2025 йилга бориб университетларнинг бешта филиали ташкил этилиши аниқ қайд этилган», — деди Кобенова.

Кобенова Россия университетларини танлаш ва уларнинг аксарияти нуфузли рейтингларда топ 100 таликка кирмаслигини изоҳлар экан, «бошқа техник университетлар тақдим этилган ихтисослаштирилган фанлар рейтингини» кўриб чиқишни таклиф қилди. «Менимча, ҳеч ким ММЯТУ (Москва Миллий ядро тадқиқоти университети. – таҳрир) ёки Бауман номидаги Москва университети ёки Новосибирск университетида кадрлар тайёрлаш бўйича анъаналар аллақачон йўлга қўйилгани билан баҳслашмайди», деди у.

Бугунги кунда Квакарелли Саймондснинг (QS World University Rankings) дунёдаги энг яхши университетлари топ 100 талик рейтингида Россиядан фақатгин Москва гуманитар фанлар университети ўрин олган. Новосибирск давлат университети 246-ўринда, Москва давлат техника университети 281, Миллий тадқиқот ядро университети 319-ўринда. Ўтган йили Кремлга яқин бўлган Россия оммавий ахборот воситалари Россия университетларининг ушбу рейтингдаги ўринлари ҳақида ёзган эди.

28 январь куни маълум бўлишича, “Болашак” давлат дастури бўйича қозоғистонлик талабалар ўқишга юбориладиган хорижий университетлар рўйхатига Россиянинг бешта университети қўшилган. Булар Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Миллий ядровий тадқиқот университети, Москва давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети ва Москва физика-техника институти.

11 январь куни парламентда нутқ сўзлаган Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Россияда илғор техник олий ўқув юртлари филиаллари очилишини эълон қилди ва 2025 йилгача Қозоғистонда «камида бешта нуфузли хорижий университетларнинг филиалларини» очиш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилди. Ўша ойнинг охирида бизнес вакиллари билан учрашувда Тоқаев “Болашак” таълим дастурини Россиядаги техник мутахассисликлар ва университетларга йўналтиришини эълон қилди.

Ўтган ҳафта давлатга қарашли «Хабар» телеканалига берган интервьюсида Тоқаев Россия таълимини «жуда яхши» деб таърифлаган.

Охирги ҳафталарда жамоатчилик орасида Тоқаевнинг сиёсати Россия билан яқинлашишга қаратилган деган тахминлар пайдо бўлди. Тоқаевнинг «Хабар» давлат телеканалига рус тилида берган интервьюси жамоатчиликнинг бир қисми томонидан «Россия аудиторияси учун эфирга узатилган» деб баҳоланди. Президент матбуот котиби эса президент нима учун фақат рус тилида гапирганини «интервью глобал аудитория учун мўлжалланган»и билан изоҳлади.

XS
SM
MD
LG