Ссылки доступа

Германияда Россияга қарашли RT давлат телеканалининг немис тилидаги ёйини тақиқланди


The Two Faces Of RT: Russia's Competing COVID Narratives GRAB 2
The Two Faces Of RT: Russia's Competing COVID Narratives GRAB 2

Германия ўз ҳудудида немис тилида кўрсатувлар берувчи RT DE телеканали (Россиянинг Russia Today телеширкати таркибига киради) фаолиятини тақиқлади, дея хабар қилди Deutsche Welle. Бу хабарни Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) нашри ҳам тасдиқлаган.

FAZ хабарига кўра, тақиқ Берлинда жойлашган RT DE Productions GmbH ширкати маҳсулотларига дахлдор: канал дастурларининг Германия қонунчилигига мувофиқлигига айни шу ширкат жавобгарлиги айтилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонуннинг 52-моддасига биноан, Германияда хусусий узатувчилардан радио ва теледастурларни трансляция қилиш учун лицензия олишлари талаб қилинади. RT DE Productions GmbH лицензияга эга эмаслиги ва лицензия олиш учун мурожаат қилмагани сабабли давлат регулятори 2 февраль куни мамлакат ҳудудида RT теледастурлари трансляция қилинишини тақиқлаган. Аввалроқ Берлин-Бранденбург федерал ери маъмурияти RT DE телеканалига Eutelsat 9B сунъий йўлдоши орқали эфирга чиқишни ман этганди.

RT DE ва Германия расмийлари зиддияти 2021 йилнинг кузида – Google ширкати Russia Today’нинг немис тилидаги икки YouTube-каналини ўчириб ташлаганидан сўнг бошланган. RT бош муҳаррири Маргарита Симоньян каналлар блокланишини “Германия давлати Россия давлатига эълон қилган ҳақиқий медиауруш” деб атаган.

Google ширкати “Интерфакс”га берган изоҳида RT каналлари “COVID-19 ҳақида ёлғон маълумот” тарқатиб, YouTube қоидаларини бузгани учун тўсиб қўйилганини билдирган.

Ўтган йил 16 декабрида YouTube’да RTнинг немис тилидаги кўрсатувларини трансляция қилиш учун RT auf Sendung номли янги канал очилган эди. Видеохостинг уни ўша куниёқ ўчирган.

Ушбу воқеалардан сўнг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва “немис ОАВлари фаолиятини чеклашга мажбур бўлиши мумкин”лигини, “RT DE телеканали билан боғлиқ муаммоларга Германия ҳукумати бевосита алоқадор деб ўйлаш учун асослар мавжуд”лигини айтган.

XS
SM
MD
LG