Ссылки доступа

Россиялик блогер ёнидаги дрони туфайли Ўзбекистондан чиқарилмади


Россиялик саёҳатчи блоггер Максим Лимарь ёнида квадрокоптери бўлгани туфайли Ўзбекистондан учиб кетолмади.

“Вести Новосибирск” нашри хабарига кўра, новосибирсклик блогер шу йилнинг 2 февраль куни Бухоро аэропортида чегара назоратидан ўтаётган пайтда тутиб қолинган. Унга, мамлакат қонунчилигига мувофиқ, вазни 250 граммдан ошган квадрокоптерлар рўйхатдан ўтказилиши шартлиги айтилган. Бироқ Лимарнинг ўзи ускунанинг оғирлиги 249 грамм экани, бу дрон қутисида ҳам қайд этилганини айтиб, эътироз билдирган.

Шунга қарамай, иддаога кўра, Лимарнинг паспорти олиб қўйилган, ўзи эса уй қамоғига йўлланган.

Блогер ўзига қўйилаётган айблов бўйича, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини урғулаган. Эндиликда 33 ёшли россиялик блогер қонунчиликни бузган-бузмагани юзасидан экспертиза ўтказилиши кутилмоқда.

Бухорода блогер Максим Лимарь қўлга олинганини Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам тасдиқлаган. Элчихона хабарномасида россиялик дипломатлар блогерни ватанига қайтариш учун маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан доимий алоқада экани қўшимча қилинган.

XS
SM
MD
LG